Ўзбекистон | 21:03 / 05.09.2024
4356
5 дақиқада ўқилади

5 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Солиқлардан озод бўлаётган фан олимпиадалари ғолиблари, электротехника соҳасини ривожлантириш бўйича қадамлар, Маданият вазирининг янги унвони ва хорижий давлатларга саёҳатга чиққан ўзбекистонликлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Фан олимпиадалари мукофотлари солиқдан озод бўлади

Республика ва халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчилар, уларнинг ўқитувчилари ва терма жамоа раҳбарларига тўланадиган пул мукофотлари ҳамда совғалар даромад солиғидан озод этилиши таклиф этилди.

Президент Шавкат Мирзиёевга мактабгача таълимни ривожлантириш, иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимотида ушбу таклиф ҳам қайд этилган.

Шунингдек, боғчалар қамровини кенгайтириш мақсадида мактабларнинг бўш ерларида давлат-хусусий шериклик асосида боғча қуришга рухсат берилади;

Ўқувчиларни фан олимпиадаларига тайёрлаш доирасида терма жамоаларга чет эллик мутахассислар жалб қилинади, хорижий жамоалар билан қўшма йиғинлар ўтказилади;

Бугунги кунда 22 та халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилар пул мукофоти билан тақдирланмоқда. Энди мукофотланадиган олимпиадалар сони 28 тага оширилади.

Электротехника соҳаси янада ривожлантирилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида электротехника соҳасида ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестицияларни кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари яратилган имкониятлар ҳисобига сўнгги 7 йилда соҳага 1 млрд доллар инвестиция киритилганини таъкидлади. Натижада 762 та янги корхона ишга тушган, 45 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 баробар ўсди, йиллик даромади 100 млрд сўмдан ошган корхоналар 6 тадан 25 тага кўпайди. Тармоқдаги корхоналар ҳисобидан бюджетга тушум 8 баробар ошди. Маҳсулотлар экспорт бўлаётган давлатлар сўнгги уч йилда 2 карра ошиб, 62 тага етди.

Президент маиший техника ишлаб чиқариш асосан ички бозор ҳисобидан ривожланиб келаётганини қайд этди. Биргина ўтган йили ишлаб чиқарилган маиший техниканинг 70 фоизи ички бозорда сотилган.

Экспорт бозорларида йирик узелли йиғиш асосида ишлаб чиқариш қилиб, уларга бутловчи қисм ва ярим тайёр маҳсулотни ортиқча йиғимларсиз етказиб бериш мумкинлиги таъкидланди.

Эндиликда қўшни бозорларга технология, малакали мутахассис ва бутловчи қисмлар етказиб, Ўзбекистонни минтақавий электротехника ҳабига айлантириш кераклиги таъкидланди.

Мутасаддиларга қўшни бозорларда миллий брендлар остида камида 15 тадан янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш топширилди.

Шунингдек, «Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг фаолияти тубдан ўзгартирилиши таъкидланди. Ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган товарларни аниқлаш, улар бўйича лойиҳа қилиб, тадбиркорларга бериш, соҳадаги стандартларни халқаро талабларга мослаб, тадбиркорларга жорий қилиш ва сертификат олишда кўмаклашиш уюшманинг асосий вазифалари бўлиши зарурлигини таъкидлади президент.

Оҳангарон, Фарғона, Қарши ва Урганч шаҳарларидаги технопаркларда композит материаллар, металл ва пластмассага ишлов бериш, қолиплар ишлаб чиқариш, қадоқлаш каби ёндош соҳа корхоналарига 10 гектаргача жой ажратилади.

Озодбек Назарбеков навбатдаги халқ артисти

Яқиндагина Тожикистон халқ ҳофизи унвонини қўлга киритган Ўзбекистон Республикаси маданият вазири, хушовоз хонанда Озодбек Назарбековга Қирғизистон халқ артисти унвони ҳам берилди.

Бу борада Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Қирғизистон фахрий унвонларини бериш тўғрисида»ги фармонида қайд этилган.

Фармонда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида маданият ва санъат соҳасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун маданият вазири Озодбек Назарбековга «Қирғизистон халқ артисти» фахрий унвони берилаётгани айтилган. 

Бунгача Озодбек Назарбеков 2010 йилда Ўзбекистон халқ артисти, 2012 йилда Қорақалпоғистон халқ артисти, 2020 йилда Туркманистонда хизмат кўрсатган артист ва 2024 йилда Тожикистон халқ ҳофизи унвонларини қўлга киритган эди.

Туристик мақсадда борилган давлатлар ўнлиги

Ўзбекистон фуқаролари туристик мақсадда қайси давлатларга кўпроқ боргани айтилди.

2024 йилнинг январ-июл ойларида жами 3,4 миллион нафар ўзбекистонлик туристик мақсадларда чет элга сафар қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 890,5 минг нафарга ёки 35,7 фоизга ошган.

2024 йилнинг январ-июл ойларида туристик мақсадларда чет элга кетган Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатлар бўйича таснифи қуйидагича. Албатта, бу борада ёнимиздаги қўшни давлатлар етакчилик қилмоқда:

  • Қирғизистон – 1,6 млн нафар;
  • Тожикистон – 676,4 минг нафар;
  • Қозоғистон – 526,4 минг нафар;
  • Россия – 159,7 минг нафар;
  • Туркия – 123 минг нафар;
  • Саудия Арабистони – 106,5 минг нафар;
  • БАА – 70,6 минг нафар;
  • Миср – 22,2 минг нафар;
  • Кувайт – 16,7 минг нафар;
  • Жанубий Корея – 12,3 минг нафар;
  • бошқа давлатлар – 91,5 минг нафар.

Мавзуга оид