Ўзбекистон | 18:16 / 11.09.2024
28765
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги масжидларда фаолият олиб борган 18 нафар имом ва ноиблар ишдан олинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2024 йил давомида пойтахт масжидларида фаолият юритган 8 нафар имом, 10 нафар имом ноиби ишдан олингани ва 4 нафар ходимига ҳайфсан берилганини маълум қилди. Идорага кўра, улар «дин пешвоси сифатида фаолиятига эътибор қаратмаган ва мажбуриятларини етарли даражада бажармаган».

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

11 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, шайх Нуриддин Холиқназар раислигида Тошкент шаҳар имом-хатибларининг танқидий-таҳлилий йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.

Мажлис ҳар бир имом-хатиб дин ғами, халқ дарди ва юрт тақдири йўлида астойдил хизмат қилиши лозимлиги, дин пешвоси сифатида, аҳоли, айниқса, ёшларни тўғри йўлга бошлаши алоҳида таъкидланган.

«Танқидий масалалар муҳокамасида айрим имом-домлалар зиммасидаги бирламчи вазифасига жиддий ёндашмаётгани, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашда етарли саъй-ҳаракат қилмаётгани ва ижро интизомидаги нуқсонлар қаттиқ танқид остига олинди. Шунингдек, белгиланган тартиб-қоидалар, меҳнат шартномалари талаблари ва лавозим йўриқномаларига риоя этмаётган имом-домлаларга чора кўрилгани айтилди», — дейилади баёнотда.

2024 йилнинг ўтган саккиз ойида «мана шундай хато-камчиликларни содир этган, дин пешвоси сифатида иш фаолиятига эътибор қаратмаган ва меҳнат мажбуриятларини етарли даражада бажармаган» Тошкент шаҳридаги масжидларда фаолият юритган 8 нафар имом-хатиб, 10 нафар имом ноиби вазифасидан озод этилган. 2 нафар имом-хатиб ва 2 нафар имом ноибига эса ҳайфсан интизомий чораси қўллангани маълум қилинди.

Шунингдек, муфтий ҳар бир имом-хатиб дин ва меҳроб омонатини чуқур ҳис этиши, фаолиятини яхшилаб бориши, замон билан ҳамнафасликда доимий билим-малакаларини ошириши ва пешволик мақомига муносиб бўлиши кераклигини қайд этган.

Мавзуга оид