Жаҳон | 20:36 / 12.09.2024
3852
2 дақиқада ўқилади

Тарихда илк бор профессионал бўлмаган астронавтлар очиқ космосга чиқди

SpaceX компаниясининг бортида оддий фуқаролардан иборат тижорий миссияси тахминан 700 километр баландликка кўтарилиб, ўз вазифасини бажаришга киришди.

Фото: Polaris Program

SpaceX компанияси бортида оддий фуқаролардан иборат Polaris Dawn тижорий миссиясини космосга учиргани тўғрисида хабар берилганди. Миссия жамоаси тахминан 700 километр баландликка кўтарилиб, ўз вазифасини бажаришга киришди.

Қайд этилишича, миллиардер Жаред Айзекман очиқ космосга чиқишни амалга оширган тарихдаги илк нопрофессионал астронват бўлди. У Polaris дастури инвесторларидан бири ва миссия раҳбари ҳисобланади. «Уйда ишимиз жуда кўп, аммо бу ердан сайёрамиз идеал оламдек кўринади», — дейди у.

Айзекманнинг ортида космосга SpaceX’нинг астронавтларни тайёрлаш бўйича мутахассиси Сара Гиллис чиқди. Кейинроқ улар ўзларнинг космик кемасига муваффақиятли қайтган.

Хусусан, миссия экипажи SpaceX томонидан ишлаб чиқарилган янги Extravehicular Activity (EVA) скафандрларини синовдан ўтказиши керак. Тахминларга кўра, ундан Ой ва Марсга амалга ошириладиган миссияларда фойдаланилади. Таъкидланишича, EVA олдинги моделлардан кўра астронватларнинг эркинроқ ҳаракатланишини таъминлайди, унинг шлемига эса дисплей ва кемера ўрнатилган.

Профессионал бўлмаган экипаждан иборат Crew Dragon капсуласи 10 сентябр куни Флорида штатидаги Канаверал бурнидан учирилган эди. Космик кема бортида Жаред Айзекман ва Сара Гиллисдан ташқари АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг истеъфодаги подполковниги Скотт Потит ва SpaceX’нинг космик операциялар бўйича етакчи муҳандиси Анна Менон ҳам бор.

Беш кун давом этадиган миссия доирасида улар Ердан 1,4 минг километрга узоқлашади — космонавтлар 1975 йилда Ойга парвозни амалга оширган «Аполлон» космик дастуридан бери бу қадар узоққа учмаган. Таққослаш учун: халқаро космик станция Ердан 400 километр баландликда жойлашган.

Мавзуга оид