Жаҳон | 21:56 / 18.09.2024
1888
3 дақиқада ўқилади

Instagram ўсмирлар учун ота-оналар назоратидаги аккаунтларни жорий қилмоқчи

Ўсмирлар аккаунтида катталарникига нисбатан бир қатор чекловлар мавжуд бўлади.

Фото: iStock

Instagram ижтимоий тармоғи 13-17 ёшли ўсмирлар учун уларнинг ота-онаси назорат қила оладиган аккаунтлар жорий этилишини эълон қилди. Ўзгаришлар ҳақида Instagram раҳбари Адам Моссери Good Morning America дастури жонли эфирида айтиб ўтди.

Ўсмирлар аккаунтларида катталарникига нисбатан бир қатор чекловлар мавжуд бўлади. Бундай аккаунтлар фақат ўзлари обуна бўлган ёки илгари мулоқот қилган шахслардан хабарларни қабул қила олади.

Шунингдек, ўсмирни фақат унга обуна бўлган аккаунтлар тег қилиши мумкин. Бундан ташқари, Instagram’даги ўсмирлар аккаунтлари кечқурун соат 22:00 дан эрталаб соат 7:00 гача “уйқу режими”га ўтади. Бу вақтда билдиришномалар ўчирилади, хабарларга автоматик жавоблар юборилади ва ижтимоий тармоқни ёпиш кераклиги ҳақида огоҳлантириш кўрсатилади. Шундай огоҳлантиришлар кундуз куни ҳам, ўсмир Instagram’да бир соат вақт ўтказгандан сўнг пайдо бўлади.

Ўсмирнинг ота-онаси ўз телефонларидан унинг аккаунтига кириши ва Instagram ёки Threads’да ўтказиладиган вақт лимитларини белгилаши мумкин бўлади. Бунда ота-оналар қидирув тарихи ва чатларни кўра олмайди, постлар ёзмайди ёки аккаунт паролини ўзгартирмайди, дейилган хабарда.

Чекловлар ижтимоий тармоқдан аввалдан фойдаланиб келаётган ўсмирлар учун ҳам, янги фойдаланувчилар учун ҳам жорий этилади. Бунда 16 ёшдан кичик фойдаланувчиларнинг мавжуд аккаунтлари автоматик равишда ёпиқ режимга ўтказилади ва уларни оммага очиш учун ота-оналарнинг рухсати керак бўлади.

16 ёшгача бўлган ўсмирлар фақат ота-оналарининг рухсати билан ўз аккаунтлари созламаларини “катталарникига” ўзгартиришлари мумкин. 16-17 ёшлилар, агар аккаунтда ота-она назорати бўлмаса, созламаларни мустақил равишда ўзгартира олади.

Ушбу созламалар ўсмирларнинг Instagram’даги хавфсизлигини таъминлаш, номақбул контактларни чеклаш, уларнинг ёшига мос контентни кўрсатиш ва уларга Instagram’даги вақтини бошқаришда ёрдам бериш учун мўлжалланган”, — дейилади ижтимоий тармоқ хабарида.

Ўзгартиришлар ўн миллионлаб фойдаланувчиларга таъсир қилиши кутилмоқда. Чекловлар 60 кун давомида АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Австралияда, январ ойидан эса бошқа ҳудудларда жорий этилади. Instagram, Facebook ва WhatsApp’га эгалик қилувчи Meta компанияси яқин ойларда бошқа иловалар учун ҳам худди шундай янги қоидаларни жорий этишини маълум қилди.

Мавзуга оид