Барчаси 1979 йилда Японияда содир бўлган зилзиладан бошланади. Ўшанда зилзила кучи Токиода ҳам сезилади ва пойтахтда огоҳлик қўнғироғи чалинади.

Шу пайтда совет фуқароси, «Новое время» газетаси мухбири ниқоби остида Японияда ишлаётган КГБ жосуси Токиодаги супермаркетлардан бирида харид қилиб юрганди.

Огоҳлик қўнғироғи чалинганда японлар мабодо бино қуласа унинг остида қолмаслик учун супермаркетдан тартиб билан ташқарига чиқа бошлашади. КГБ жосуси ҳам улар билан ташқарига чиқади.

Шу жойда ер қимирлаётганда японларнинг саросимага тушмагани, ҳаёти учун хавфли вазият юзага келганда ҳам тартибни сақлагани жосусни қаттиқ таъсирлантиради. Шундан сўнг у Ғарбга қочиб ўтишга қарор қилади ва АҚШнинг Токиодаги элчихонасига боради. Бу жосус КГБ майори Станислав Левченко эди.

Мухбир қиёфасидаги жосус

Станислав Левченко 1941 йилда Москвада туғилади. Мактабни битиргач аввал Москва давлат университетининг Осиё ва Африка тиллари бўлимида ўқийди. Сўнг СССР фанлар академияси қошидаги шарқшунослик институтида таҳсил олади.

Ўша пайтларда СССРдаги хорижий тилларни ўргатувчи барча олий таълим муассасалари КГБ назоратида бўлиб, иқтидорли талабалар хавфсизлик идорасига ёки ташқи разведка бошқармасига ишга таклиф қилинарди.

Фото: lenta.ru

Станислав Левченко билан ҳам шундай бўлади. Инглиз ва япон тилларини мукаммал ўрганган йигит аввалига ҳарбий разведка хизматида ишлайди. Сўнг КГБга ишга ўтади.

1975 йилда Станислав Левченкони СССРда инглиз тилида чоп этиладиган New Times (Новое время/Янги давр) нашрининг махсус мухбири ниқоби остида Японияга жўнатиб юборишади.

Шу тариқа, КГБ майори Японияда ўз фаолиятини бошлайди ва КГБнинг кунчиқар юртдаги резидентурасида ишлайди.

Левченко ишлаган бўлим асосан япон ОАВда ишловчи таниқли ва обрўли шахслар билан алоқага эга эди. Умумий ҳисобда Японияда 200 дан ошиқ одам ишлар ва уларнинг бир қисми КГБ билан ҳамкорлик қилган японлар эди.

АҚШдан сиёсий бошпана сўраш

Станислав Левченко Токиода яшар экан, уни Япониянинг Иккинчи жаҳон урушидан сўнг қисқа муддатда ўзини тиклаб олгани ва дунёнинг етакчи давлатларидан бирига айлангани ҳайратга солади.