«Тоттенҳэм» – Европа лигаси ғолиби! «Шпорлар» XXI асрдаги иккинчи, 2008 йилдан буён илк совринини қўлга киритди, лондонликлар 17 йил муқаддам Англия лигаси кубогига эга чиқишганди. Энди бу жамоа кейинги мавсумда Англиянинг Чемпионлар лигасининг кейинги мавсумидаги олтинчи вакили сифатида иштирок этади.
«Тоттенҳэм» – «Манчестер Юнайтед» 1:0
Гол: Жонсон 42.
«Тоттенҳэм»: Викарио, Порро, Ромеро, Ван де Вен, Удоги (Спенс 90), Сарр (Грэй, 90), Биссума, Бентанкур, Жонсон (Дансо 78), Соланке, Ришарлисон (Сон 67).
«Манчестер Юнайтед»: Онана, Йоро, Магуайр, Шоу, Мазравий (Далот 85), Каземиро, Фернандеш, Доргу (Майну, 90), Диалло, Ҳойлунд (Зиркзее 71), Маунт (Гарначо 71).
Огоҳлантиришлар: Ван де Вен 49, Ришарлисон 58, Биссума 68 – Диалло 35, Зиркзее 84, Магуайр 88, Эванс 90.
«Тоттенҳэм» ва «Манчестер Юнайтед» илк дақиқаларданоқ классик инглизча футбол намойиш этишга киришди. Икки томонлама прессинг, кўплаб яккакурашлар ва стандарт вазиятлар, ҳужумларни ривожлантиришда асосан узун узатмалардан фойдаланиш ва бу орқали рискни минималлаштириш. Ташаббус у томондан бу томонга ўтиб турди – томонлар навбати билан ҳудудий устунликка эгалик қилиб турди. Манкунианликлар нисбатан кўпроқ вақт давомида тўпга эгалик қилишди, аммо бу асосан майдоннинг ўз дарвозаси жойлашган қисмида ва майдон марказида кузатилди. Ангелос Постекўғли жамоаси эса майдоннинг учинчи қисмига рақибга қараганда бироз кўпроқ узатмалар берди. Умуман олганда, ҳисоб 0:0 ҳолатида майдонда тенг ўйин бўлди.
Шунга қарамай, «Тоттенҳэм»нинг вазиятлари хавфлироқ тус олди. Рубен Аморим жамоаси ўйиннинг дастлабки қисмидаёқ индивидуал хато туфайли гол ўтказиб юбориши мумкин эди. Дарвозабон Онана Порронинг кроссидан кейин тўпга чиқишда қўпол хатога йўл қўйди – агар Мазравий охиригача ҳаракат қилиб, тўпни рақиб бошидан олиб қўймаганида гол бўлиши деярли аниқ эди. Кейин эса Магуайр ноқулай паси билан рақибнинг қарши ҳужумига сабабчи бўлди, аммо ўз хатосини ўзи тузатиб, зарба йўлини тўсишга улгурди.
«Манчестер Юнайтед» тўпни олдинга олиб боришда ўз латералларини ишга солиб, «шпорлар» мудофаасини қанотлар орқали бузиб ўтишга ҳаракат қилди. Чап қанотда Доргу фаоллик кўрсатди, ўнгда эса айниқса Диалло «Тоттенҳэм» ҳимоячиларига кун бермади. Ҳимоячилар манкунианликларнинг дриблёрини катта қийинчилик билан тўхтатиб туришди. Биринчи бўлимда айнан Амадда гол уриш учун яққол вазият юзага келганди, бурчак зарбаси ижро этилганида Викарио тўпга чиқишда хатога йўл қўйди, аммо Диаллонинг зарбаси хато кетди.
«Тоттенҳэм» эса 42-дақиқада ўз мақсадига эришди. Сарр марказда Брунунинг узатмасига эга чиқиб, олдинга борди тўпни чап қанотдаги Ришарлисонга етказди, у жарима майдонига ёриб кирган Бентанкурни тўп билан таъминлади, аргентиналик яримҳимоячидан эса тўп қанотга келиб қолган Саррга қайтиб келди, ҳужумни бошлаб берган футболчи дарвозабон майдончасига етиб келган Жонсонга узатма берди, ҳужумнинг якуний босқичида «Тоттенҳэм»нинг омади келди. Жонсон кўнгилдагидек зарба беролмади, аммо тўп Шоунинг қўли орқали дарвоза тўрига бориб тушди. Онана бунга тайёр эмасди. Бу «шпорлар»нинг биринчи бўлим давомидаги дарвоза соҳасига тўғри борган биринчи ва ягона зарбаси эди.

















