Жаҳон | 17:19 / 29.07.2022
14840
3 дақиқада ўқилади

АҚШдаги аукционда «Ҳитлернинг қўл соати» сотилди

Немис нацистлари етакчисига тегиши экани тахмин қилинаётган аксессуар бир миллион доллардан кўпроққа сотилди. Аукцион ташкилотчилари яҳудий ташкилотлари томонидан кескин танқидга учради.

Фото: watchpro

Бир пайтлар Адольф Ҳитлерга тегишли бўлган қўл соати 28 июль, пайшанба куни АҚШнинг Мэриленд штатидаги Alexander Historical Auctions аукцион уйида 1,1 млн доллардан (1,08 миллион евро) кўпроққа сотилди. Буюм олтин қутисига бургут, свастика ва немис нацистлари етакчисининг бош ҳарфлари ўйиб ёзилган. Лот бошланғич нархидан анча паст сотилди: аксессуар учун 2 миллиондан 4 миллион долларгача маблағ тушиши кутилганди.

Кимошди савдосида нацистлар даврига оид яна бир қанча артефактлар ҳам сотилди. Хусусан, Alexander Historical Auctions аукцион уйи сайти маълумотига кўра, Берлиндаги рейхсканцелярияда жойлашган император бургути учун 200 минг доллар тўланган. Ҳитлер Чехословакиянинг немислар яшайдиган чегара ҳудудларини нацистлар Германиясига қўшиб олиш тўғрисида 1938 йилда Мюнҳен битимини имзолагани иддао этиладиган бронза бювар (папка, портфель тури) 290 минг долларга сотиб олинди. 

Кимошди савдо уйи маълумотларига кўра, олтин соат Ҳитлерга 1933 йилда НСДАП аъзолари томонидан совға қилинган. Улар 1945 йил 4 майда - Ҳитлер Берлинда ўз жонига қасд қилганидан тўрт кун ўтиб - Ҳитлернинг Берхтесгадендаги собиқ Алп қароргоҳида француз аскари томонидан топилган. Соат бир неча ўн йиллар давомида аскар оиласида бўлгани айтилади. 

Кимошди савдоси бошланишидан олдин ҳам аукцион ташкилотчилари кескин танқидга учради. Европа яҳудий ташкилотлари ассоциацияси (EJA) ҳатто аукционни бекор қилишга чақирди. «Бундай нарсаларни сотиш - жирканч», деди EJA раиси, раввин (яҳудийлар руҳонийси) Менаҳем Марголин кимошди савдоси ташкилотчиларига очиқ хатида. 

Нацизм мероси, агар керак бўлса, музейларда ўз ўрнига эга, аммо кимошди савдосида эмас, деб таъкидлади Марголин. Ҳитлер - «геноцид ташкилотчиси»га тегишли нарсаларни сотиш нацистлар даврининг даҳшатларидан сабоқ олишга ёрдам бермайди, деди у нацистлар қурбони бўлган олти миллион яҳудийни назарда тутиб. 

Мактубни Европа ва Исроилдан келган яҳудий ташкилотларининг 30 дан ортиқ вакиллари, жумладан Берлиндаги Германия-Исроил жамияти имзолаган. 

2017 йилда Alexander Historical Auctions уруш тугаганидан кейин Берлиндаги «фюрер» бункеридан топилган Ҳитлернинг қизил телефонини 243 минг долларга савдога қўйган ва бу ҳам баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди. 

Мавзуга оид