1974 йил 16 ноябрда инсоният тарихида биринчи марта очиқ коинотга ўзга сайёраликлар учун мақсадли радио хабар — “Аресибо хати” юборилганди, деб эслайди History портали. Хатда нималар бўлгани, уни ким тузгани ва “матн” нима сабабдан мазмуни учун танқидга учрагани ҳақида “РБК” мақола чоп этди.
Хабарда нима шифрлаб ёзилганди?
Хабар тахминан уч дақиқа давомида 2380 МГц частотада узатилган, унда 1679 бит маълумот мавжуд бўлиб, улар 73 сатр ва 23 устундан иборат тўр шаклида жойлаштирилган, дейилади National Geographic мақоласида. Уни яратиш учун энг оддий компютер коди — иккилик саноқ тизимидан фойдаланилган. Мактубда Ернинг саноқ системаси, ДНК структураси, шунингдек, Қуёш системасида Ернинг қаерда жойлашгани кўрсатилган. Бундан ташқари, хабарда инсон қомати ва хат жўнатилган жой — Пуэрто-Рикодаги Аресибо расадхонасининг тасвирлари ҳам акс эттирилган. “Мактуб” Ердан 25 минг ёруғлик йили масофада жойлашган М13 шарсимон юлдузлар тўдаси томонга юборилган.
Қабул қилувчи хабарни декодлаши, яъни ўрнатилган визуал шаблонни шифрдан чиқариши керак эди.
Келгиндиларга юборилган хат муаллифи ким эди?
“Аресибо хати” астроном Фрэнк Дрейкнинг иши. У машҳур Дрейк тенгламасини яратган, бу эса ўзга сайёраларда ҳаёт мавжуд бўлиш эҳтимолини баҳолашга имкон беради. Келгиндилар учун хабарни яратишда фан тарғиботчиси Карл Саган ҳам иштирок этган.
Бундан ташқари, Дрейк лойиҳага Корнелл университети (АҚШ) аспирантларини жалб этган. “У менга ўзининг қоралама вариантини кўрсатди, бу якуний вариантга жуда яқин эди”, — дейди аспирантлардан бири Ричард Айзекман.
Nature журнали ёзишича, ушбу хабар қисман эътибор тортиш усули ҳам бўлган. Аресибо расадхонасида йирик модернизация ишлари эндигина якунланган, астрономлар телескопнинг қудратини намойиш этмоқчи эди. Дрейк ўша пайтда расадхонани бошқарар, унга моҳиятан янги илмий асбоб хотирасини абадийлаштириш топширилганди. Олимнинг сўзларига кўра, ғайризаминий онгга хабар юбориш ғояси унинг ёрдамчиси Жейн Аллендан чиққан.
Жавоб олиш эҳтимоли жуда кам бўлса-да, бу астрономларнинг юлдузлараро алоқа ҳақидаги тасаввурларини кенгайтирди. “Аресибо хабари” қарама-қарши алоқа учун эмас, балки инсониятнинг коинотга мурожаат қила олишини кўрсатиш учун юборилганди. Агар бошқа ақлли цивилизация мавжуд бўлса ва тегишли ускуналарга эга бўлса, у бизни эшитиши мумкинлигини намойиш этиш мақсад қилинган.














