Жаҳон | 15:33
1934
3 дақиқада ўқилади

РФда "Як" бош директори ва "Туполев" бошқарувчи директори ишдан олинди

"Яковлев" ширкатини БАК бош директори Вадим Бадеха бошқаради. Александр Бобришев "Туполев" компанияси бошқарувчи директори этиб тайинланди.

Андрей Богинский Фото: Игорь Иванко / Коммерсантъ

"Ростех" таркибига кирувчи Бирлашган авиация корпорацияси (БАК) 25 ноябр, душанба куни "Яковлев" ширкати бош директори Андрей Богинский ва "Туполев" АЖ бошқарувчи директори Константин Тимофеев ишдан бўшатилганини эълон қилди. Андрей Богинский БАК бош директорининг фуқаро авиацияси бўйича ўринбосари лавозимини ҳам тарк этади.

"Коммерсант" газетаси авиация соҳасидаги манбаларга таяниб ёзганидек, Россия бош вазири Михаил Мишустин Богинскийни "фуқаролик авиацияси дастури муваффақиятсизлиги учун" ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ берган. Нашрнинг яна бир манбаси эса топ-менежернинг кетиши унинг Россия ҳукуматига ўтиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Қайд этилишича, "Яковлев" ширкатини эндиликда БАК бош директори Вадим Бадеха бошқаради ва у ушбу икки фаолият турини бирлаштиради. "Туполев" АЖ фаолиятини Давлат мудофаасини таъминлаш ва тезкор-тактик авиация дастурларини бошқариш бўйича БАК бош директорининг ўринбосари Александр Бобришев бошқаради. Шунингдек, у "Туполев" компаниясининг бошқарувчи директори лавозимини эгаллайди. Бобришев 2009-2013 йилларда ҳам ушбу компанияни бошқарган, деб эслатади "Коммерсант".

БАК раҳбариятида ўзгаришлар

"Бошқарувни БАК бош компанияси даражасига ўтказиш бизга корпорациянинг барча ресурсларини маҳаллий фуқаролик авиалайнерларини ўз вақтида сертификатлаш ва серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича аниқ вазифаларни бажаришга жамлаш имконини беради", — дея газета БАК матбуот хизматидан иқтибос келтиради.

Вадим Бадеха ноябр ойи бошида БАК бош директори бўлди. Аввалроқ бу лавозимни эгаллаган Юрий Слюсар 4 ноябр куни Россия президенти Владимир Путин томонидан Ростов области губернатори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.

Dpa агентлигига кўра, Россия ҳукуматининг норозилигига, жумладан, ўрта масофага мўлжалланган МС-21 самолётларини серияли ишлаб чиқаришни бошлашнинг қайта-қайта кечиктирилиши сабаб бўлган. Бу йил ушбу муддат 2025 йилгача қолдирилди. Агентлик таъкидлаганидек, сўнгги кечикишлар Россиянинг Украинага қарши уруши фонида киритилган Ғарб санкциялари билан ҳам боғлиқ. Журналистларнинг таъкидлашича, жами 80 га яқин импорт қилинган компонентларни, шу жумладан двигателларни алмаштириш керак.