TikTok ўсмирларга «гўзаллик филтрлари»дан фойдаланишни чеклайди
Янги чекловлар фойдаланувчи юзига макияж қўшадиган, лабларини шиширадиган, юз тузилишини ўзгартириб, қошларини тортадиган оммабоп эффектларга тааллуқли.
TikTok платформаси ўсмирлар ҳимоясига қаратилган янги чора-тадбирлари тўғрисида маълумот берди. Компания энди 18 ёшгача бўлган фойдаланувчиларга «гўзаллик филтрлари»дан фойдаланишни тақиқлайди, деб хабар бермоқда The Guardian.
Қайд этилишича, гап фойдаланувчи юзига макияж қўшадиган, лабларини шиширадиган, юз тузилишини ўзгартириб, қошларини тортадиган оммабоп эффектлар ҳақида кетмоқда.
Бундай чоралар филтрлардан фойдаланиш болаларнинг ўзига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги хавотири сабаб қабул қилинган.
Бундан ташқари, TikTok 13 ёшгача бўлган фойдаланувчилар орасида сохта аккаунтларга қарши курашларини кучайтиради. Компания 2024 йил охирига қадар ёшга боғлиқ чекловни бузадиганларни аниқловчи янги автоматлаштирилган тизимни ишга туширишни режалаштирмоқда.
Маълумотларга кўра, TikTok ҳар чоракда болаларга тегишли 20 миллионга яқин аккаунтни ўчириб ташлайди, аммо баъзида тизим катталарни ҳам блоклаб қўйиши мумкинлигини тан олади. Бундай ҳолатда фойдаланувчи ўз аккаунтини қайта тиклашни сўраб қўллаб-қувватлов хизматига мурожаат қилиши мумкин.
«TikTok ёшлар орасида маълум бир норозиликларни келтириб чиқарса-да, барча фойдаланувчилар учун хавфсиз маконни яратиш бўйича ишларини давом эттиради», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Канада TikTok видеосервисидан миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан мамлакатдаги TikTok Technology Canada Inc бўлинмаси фаолиятини тўхтатишни талаб қилганди. Шу билан бирга Канада ҳукумати TikTok иловаси ишини блоклаш ниятида эмас: ундан фойдаланиш бўйича қарорни фойдаланувчиларнинг ўзлари қабул қилиши керак.
Мавзуга оид
22:08
Австралияда болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун қабул қилинди
19:03 / 22.11.2024
"16 ёшли" аёлнинг 1 яшар эгизак фарзанди. Эрта никоҳни тарғиб қилганлар огоҳлантирилди
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
09:31 / 20.11.2024