Жаҳон | 00:32 / 31.12.2024
1489
2 дақиқада ўқилади

Белгия ЕИ давлатлари орасида биринчи бўлиб электрон тамаки савдосини тақиқлади

Белгияда 2025 йил 1 январдан бошлаб бир марталик электрон тамакилар савдоси тақиқланади. Таъкидланишича, электрон тамакилар инсон соғлиғига зарар етказибгина қолмай, уни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган пластик, батарейка ва микросхемалар экологияга ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Фото: 24.kz

Белгияда 2025 йил 1 январдан бошлаб бир марталик электрон тамакилар (вейп) савдоси тақиқланади. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Франк Вандербрукенинг маълум қилишича, арзон вейплар соғлиқ учун хавфли, чунки ўсмирлар улар ёрдамида кашандаликка осонлик билан ўрганиб қолмоқда.

«Бир марталик электрон тамакилар — янги истеъмолчиларни жалб этиш мақсадида яратилган янги маҳсулот. Электрон тамаки таркибида кўпинча никотин бўлади. Никотин қарамликни келтириб чиқаради. Никотин соғлиқ учун зарарли. Бу факт», — дейди Ванденбруке. 

Таъкидланишича, электрон тамакилар маркетинги асосан турли таъмларни тақдим этиш орқали ёшларга йўналтирилган. Онкологияга қарши курашиш жамғармаси ҳам вейпларга қарши чиқишлар қилиб келади.

«Биз буни амалга оширган Европадаги биринчи давлатмиз. Европа комиссиясини тамаки қонунчилигини янгилаш ва модернизация қилиш бўйича янги ташаббуслар билан чиқишга чақирамиз», — дейди вазир.

Электрон тамакиларда фойдаланиладиган пластик, батарейка ва микросхемалар экологияга салбий таъсир кўрсатади. Яъни улар кимёвий чиқинди ҳисобланади. Белгия ҳукуматининг қарори нима сабабдан қабул қилинганини электрон тамаки билан савдо қилувчи айрим дўконлар ҳам тушунмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг майида Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тамаки маҳсулотларига техник регламент тасдиқланган. Унда вейп ва қиздирилаган тамакилар учун бир қатор талаблар белгиланган. Ҳужжатга мувофиқ бир марта ишлатиладиган вейп таркибидаги никотин ўз ичига олган суюқлик ҳажми 5 мл дан ошмаслиги керак. Вейп картриджларида – 2 мл, флаконларда – 10 мл бўлиши лозим.

Мавзуга оид