Жаҳон | 14:15 / 09.04.2025
2044
2 дақиқада ўқилади

Белгия Украинага миллиард евро ва F-16 қирувчиларини беради

Белгия бош вазири Зеленский билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Брюссел бу йил Киевга иккита, келаси йили эса яна иккита F-16 қирувчи самолётини топширишини эълон қилди.

Фото : U.S. Air Force / Master Sgt. Tristan McIntire

Белгия Украинага тўртта F-16 қирувчи самолётини топширади. Улардан иккитаси жорий йилда, яна иккитаси эса кейинги йилда мамлакатга эҳтиёт қисмлар учун етиб келади. Бу ҳақда Белгия бош вазири Барт де Вевер 8 апрел, сешанба куни Киевда Украина президенти Володимир Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.

Сиёсатчининг айтишича, унинг мамлакати Киевга янги F-35 қирувчи самолётларини олиши билан яна ҳам кўпроқ F-16 самолётлари етказиб беради. «Биз Украина учун F-16 самолётларининг энг йирик етказиб берувчиси бўлишга ваъда берган эдик ва албатта ўз сўзимизда турамиз», — дея де Вевер сўзларидан иқтибос келтиради Украина ОАВ.

Бундан ташқари, Барт де Вевер Украинага 1 миллиард евро ажратишга ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, бу пуллар қурол сотиб олиш ва Украина ҳарбий-саноат комплексини мустаҳкамлашга сарфланади.

Володимир Зеленский, ўз навбатида, "Рамштайн" форматидаги навбатдаги учрашув Брюсселда бўлиб ўтишини маълум қилди. Британиянинг НАТОдаги делегацияси аввал ҳам худди шу ҳақда гапирган эди. 11 апрел куни бўлиб ўтадиган учрашувда улар Украинага келгусида ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Бир кун аввал, 10 апрелда «Хоҳловчилар коалицияси» йиғилиши бўлиб ўтади, унда мамлакатга хорижий тинчликпарвар контингентни киритиш масаласи муҳокама қилинади.

Мавзуга оид