Энергетикани ривожлантиришда аҳолининг газга бўлган эҳтиёжи инобатга олиниши керак — СИА
Boston Consulting Group билан ҳамкорликда Ўзбекистон энергетикасини ривожлантиришнинг 10 йиллик мастер-режаси ишлаб чиқиляпти. Стратегик ислоҳотлар агентлиги бу режада аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини инобатга олиш муҳимлигини билдирди. Энергетика вазирлиги мастер-режа тайёр бўлгач, очиқ эълон қилишга ваъда берди.

Фото: Стратегик ислоҳотлар агентлиги
Стратегик ислоҳотлар агентлигида Boston Consulting Group (BCG) халқаро консалтинг компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда агентлик директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров, BCG вакиллари Игор Алексеев, Василий Гурев ва Игор Копйтов иштирок этган.
Учрашув давомида Ўзбекистонда 2035 йилгача энергетикани ривожлантириш бўйича мастер-режа муҳокама қилинган. Мазкур ҳужжат энергетик ресурсларга бўлган талаб, ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг узоқ муддатли прогнозини ўз ичига олади.
Муҳокама давомида мастер-режани такомиллаштиришда ҳисобга олиниши лозим бўлган бир қатор муҳим жиҳатлар қайд этилган. Хусусан, аҳолининг, айниқса, метан ва пропанни асосий даромад манбайи сифатида ишлатаётган ўзини-ўзи банд қилган фуқароларнинг табиий газга бўлган эҳтиёжлари инобатга олиниши лозимлиги таъкидланган.
Бундан ташқари учрашув давомида энергия самарадорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада йирик истеъмолчилар учун энергия самарадорлигини ошириш бирламчи вазифа сифатида белгиланган. Бу эса истеъмол харажатларини ва энергия тизимига тушадиган юкни камайтиришда ёрдам беради. Иккинчи навбатда, ишлаб чиқариш тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш масаласи муҳокама қилинган.
Учрашув давомидаги асосий мавзулардан яна бири ижтимоий муассасалар учун барқарор газ таъминотини таъминлаш масаласи бўлган. Мактаблар, шифохоналар ва давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган бошқа муассасалар табиий газ билан узлуксиз таъминланиши лозимлиги таъкидланган. Мазкур объектларнинг ҳозирги даражадаги энергия таъминотини сақлаб қолиш орқали мамлакат бюджетига тушадиган юк ортиб кетишининг ва аҳоли учун қўшимча харажатларнинг олди олинади.
“Энергетик ўтиш жараёнида кўмир ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқаришнинг ортиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда мавжуд иссиқлик электр марказлари истеъмол қиладиган газ ҳажмини кескин қисқартиришнинг олдини олиш муҳимлиги қайд этилди. Шу муносабат билан газ қувватларини қайта тақсимлаш механизмларини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди, шунда мавжуд иссиқлик электр марказлари қўшимча энергия генерацияси учун таянч захира сифатида самарали ишлаш имкониятига эга бўлади.
Муҳокама давомида суюлтирилган газ таъминоти ва унинг бошқарув тизимини ишлаб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув иштирокчилари аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш жараёнига хусусий сектор ва аутсорсинг компанияларини жалб этиш масаласини кўриб чиқди. Бу ёндашув тақсимот самарадорлигини ошириш, хизмат сифатини яхшилаш ва барқарор етказиб беришни таъминлаш имконини беради”, дейилади хабарда.
Kun.uz мастер-режа бўйича қўшимча маълумот олиш учун Энергетика вазирлиги ахборот хизмати билан боғланди. Маълум қилинишича, мазкур ҳужжат вазирлик ва BCG мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Бу жараён ҳали охирига етмаган. Музокаралар ва ўрганишлар давом этяпти. Ишлар тугалланганидан кейин мастер-режа кенг жамоатчилик танишиши учун эълон қилинади.
Мавзуга оид

08:57 / 24.02.2025
616 млн сўмлик газ ва электрдан ноқонуний фойдаланган овқатланиш шохобчаси аниқланди

14:14 / 22.02.2025
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона 1,6 млрд сўмлик зарар келтирди

10:51 / 22.02.2025
270 млн сўмдан зиёд газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди

10:10 / 22.02.2025