Вашингтондагилар Россиянинг Арктикадаги иштирокини кенгайтириш салоҳияти АҚШникидан юқори эканини тан олишга мажбур. АҚШ ва Канада Россиядан ортда қолмаслик учун ушбу минтақага ажратилаётган ҳарбий харажатларни кўпайтирмоқда. Иккала давлат ҳам Арктикадаги қимматбаҳо ресурслар учун даъво қилмоқда ҳамда денгиз йўлларини ривожлантиришни кўзламоқда. Лекин Россия бу соҳада АҚШдан анча олдинда экани таъкидланмоқда, деб ёзмоқда The Wall Street Journal.

Ушбу мақоланинг қисқача мазмуни билан таништирамиз.

* * *

Совет Иттифоқи ва АҚШ совуқ уруш давридан бери Арктикада ўзининг энг илғор қурол-аслаҳалари ва кузатув тизимларини жойлаштирган. BBC хабарига кўра, ўша пайтда бу СССР ва НАТО ўртасидаги ягона бевосита чегара бўлган ва Арктика потенциал қарама-қаршилик ҳудуди сифатида кўрилган.

Совет иттифоқи парчаланганидан сўнг, АҚШ Арктикадаги ҳарбий иштирокини кескин камайтирди, Россия армияси эса пасайиш йўлига ўтди. 1996 йилда Арктика Кенгаши ташкил этилди, унга Россия ва АҚШдан ташқари Дания, Исландия, Канада, Норвегия, Финландия ва Швеция ҳам қўшилди. Ушбу давлатлар маданият, фан ва экологик ҳимоя соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Бироқ, 2022 йил март ойида, Украинага бостириб кириши муносабати билан, Кенгаш аъзолари Россия билан алоқаларни музлатди. 2024 йил февралида эса Россия Кенгашга аъзолик бадалларини тўлашни тўхтатганини маълум қилди. Шунга қарамай, август ойига келиб Россияни кенгашнинг қўшма йиғилишларида иштирок этишга қайта жалб қилиш бошланди.