Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Исроил асл мақсадини ошкор қилмоқда
Исроил молия вазири, ултраўнг миллатчи Бецалел Смотрич ҲАМАС томонидан гаровга олинган фуқароларни озод қилиш айни пайтда ҳукумат учун асосий вазифа эмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Ғазодаги урушда ғалаба қозониш — бирламчи мақсад. Ушбу баёнот жамиятда катта баҳсларга сабаб бўлди.
Мухолифат етакчилари ва гаровдаги яқинларининг оиласи Смотрични кескин танқид қилди. Уларга кўра, вазир инсонийлик ва миллий бурчни рад этмоқда.
«Бу ҳукумат гаровдаги яқинларимизни қасддан унутиб, уларни қурбон қилмоқда», деб чиқиш қилди оилалар форуми.
Ҳамкор партия вакиллари ҳам Смотрич сўзларини қоралаб, гаровда ушлаб турилган фуқароларни қайтаришни «энг муҳим вазифа», деб аташди. Аммо Бинямин Нетаняҳу ҳукуматининг урушни тўхтатишга тайёр эмаслиги жамиятда жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Ғазони қўллаб келган Рим папаси ўлди
Католик дини раҳбари, Рим папаси Франциск 88 ёшида вафот этди. У нафақат понтифик, балки Фаластин ҳақ-ҳуқуқини очиқ ҳимоя қилган кам сонли етакчилардан бири сифатида хотираларда қолди.
У Ғазодаги уруш бошланган илк кунларданоқ Исроилнинг мактаб ва шифохоналарга бомбардимонини очиқ танқид қилди, «бу уруш эмас, шафқатсизлик», деб таъкидлаган эди. 2023 йил декабрида эса Франциск Ғазодаги вазиятни «геноцид аломатлари бор» деб атаган ва халқаро танқидларга қарамай, ўз сўзидан қайтмаган эди.
У ҳар куни Ғазодаги ягона католик черкови билан алоқада бўлиб, у ердаги фуқароларга тасалли берди. Жорий йил бошида Ватикандан чиқмай туриб, Исроил тажовузини «инсонийлик учун шармандалик», деб атаган эди.
Якшанба куни, ўлимидан бир кун олдин, Франциск католикларни Пасха билан табриклаган, ўз нутқида «Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, гаровдагиларни озод этиш ва ғазоликларга инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш»га чақирганди.
Сўнгги ойларда унинг соғлиғида жиддий муаммолар кузатилди. У икки томонлама ўпка яллиғланиши сабабли 38 кун шифохонада ётди, 6 апрелда эса даволанишдан сўнг илк бор омма олдида папамобилда кўриниш берган эди. Унинг ўлимига инсулт ва мияга қон қуйилиши сабаб бўлгани айтилмоқда.













