Чемпионлар лигаси, чоракфинал. Жавоб ўйини
«Реал» – «Арсенал» 1:2
Голлар: Винисиус (67) – Сака (65), Мартинелли (90+3)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Сака (13)
«Реал»: Куртуа, Васкес (Эндрик, 61), Асенсио (Модрич, 73), Рюдигер, Алаба (Гарсия, 61), Валверде, Чуамени, Родриго (Себалйос, 61), Беллингҳем, Винисиус, Мбаппе (Диас, 75)
«Арсенал»: Райя, Тимбер (Уайт, 90+4), Салиба, Кивёр, Люис-Скелли, Эдегор, Парти, Райс (Зинченко, 90+4), Сака (Троссар, 77), Мерино, Мартинелли (Тирни, 90+4)
Огоҳлантиришлар: Алаба (4), Асенсио (11), Рюдигер (85) — Рая (36), Парти (85)
Биринчи ўйин: 3:0

«Қироллик клуби»нинг узоқ тарихида шонли саҳифалар кўп. Жумладан, «Реал» Карло Анчелотти бошқарувида бўлган сўнгги йилларда ҳам бу жамоа Чемпионлар лигасида «имконсиз вазият» иборасини луғатидан ўчириб ташлаганди. Аммо қаймоқранглилар асосий еврокубок плей-оффида биринчи учрашувдаги йирик мағлубиятдан кейин жавоб учрашувида вазиятни ўнглаб, кейинги босқичга ўтиши — турнир номи ҳали Чемпионлар кубоги деб аталган 1975 йилда кузатилганди, ўшанда «Дерби Каунти» майдонидаги 1:4 ҳисобидаги мағлубиятга мадридликлар қўшимча бўлимлардаги гол эвазига 5:1 ҳисобидаги ғалаба билан жавоб қайтарганди.

Бу қанчалик олисда бўлганини аниқроқ тушуниш учун бир неча факт келтириш етарли. Мадрид учун сеҳрли бўлган ўша оқшомда «галактикос»нинг бўлажак мураббийи ва ЕЧЛнинг икки карра триумфатори Висенте дел Боске майдонда ўйнаган, Сантяго Бернабеу эса ҳали президентлик лавозимида эди.

Тўғри, «Реал» йирик ҳисобда ютқазишининг ўзи кўп кузатиладиган ҳодиса эмас. Чоршанба оқшомига  қадар еврокубоклар плей-офф босқичларида бундай ҳолатлар жами тўрт марта кузатилган. Шундан учтаси эса фиаско билан якунланган. 1964/65 йиллар мавсумида «Бенфика»га қарши сафарда 1:5 ҳисобида мағлуб бўлган жамоа Мадридда 2:1 ҳисоби билан кифояланган. 1986/87 йиллар мавсумида — «Бавария»га биринчи ўйинни 1:4 ҳисобида бой бергач, жавоб ўйинида биргина гол урилган (1:0). 12 йил муқаддам — Дортмунднинг «Боруссия» клуби билан қарама-қаршиликда ҳам вазиятни ўнглашнинг имкони бўлмаган (1:4, 2:0). Нима бўлганда ҳам мўъжизалар кўп бўлмайди, ҳатто гап «қулоқли кубок»нинг ўн беш карра ғолиби ҳақида кетса ҳам.

Аммо «Реал» бўлмаса, яна кимдан мўъжиза кутиш мумкин? Қолаверса, бир кун олдин камтарона «Боруссия» ва «Астон Вилла» кўрсатган ўйинлар ҳам ушбу жамоага илҳом бағишлаши керак эди. Ва ўз севимли клубини «Орзулар фабрикаси» деб атайдиган мухлислар орзуларини яна бир бор рўёбга чиқаришни сўраб туришарди. Аммо, биринчи бўлимда майдонда рўй берган воқеаларга қаралса, фанатларнинг улкан баннери фақат Куртуани илҳомлантирган. Райс тўпни бурчак зарбасидан айлантириб дарвозага йўналтирганида дарвозабон бунга тайёр экани маълум бўлди. Лекин ўйинга VAR аралашди ва жарима майдони ичида Раул Асенсио Меринони тортиб йиқитгани маълум бўлди.