Футбол бўйича миллий жамоанинг муҳим ўйинлари учун чипта олиш – доим бошоғриқ, стрессли жараён. Инсофсиз олибсотарлар битта чиптани бир нечта одамга пуллагани учун Қирғизистонга қарши ўйин олдидан чиптаси бор кўплаб одамлар ташқарида қолиб кетди. Хўш, илғор мамлакатлар талабгир футбол чипталари масаласини қандай ҳал қилган?
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси 20 март куни Тошкентда ЖЧ-2026 саралаши доирасида Қирғизистонни қабул қилди. Бу ўйиндаги ғалаба мезбонларни жаҳон чемпионатига анча яқинлаштирарди, шу сабабдан бўлса керак, ўйинни стадиондан туриб кузатиш иштиёқида бўлган мухлислар сони ҳар қачонгидан ҳам кўп эди.
Лекин чипталар билан боғлиқ машмашалар бу ўйинда ҳам кузатилди.
“Дубликат” ёки қалбаки чипталар
Бу сафар чипталарнинг онлайн савдоси ўйин кунидан анча аввал бошланди. Мутасаддилар чипталар бир қўлли бўлиб кетишининг олдини олишмоқчи бўлди шекилли, улар iTicket платформасига бўлиб-бўлиб жойлаштирилди. Аммо бу ечим самара бергани йўқ.
Чипталарнинг электрон савдоси очилгач, OLX.uz ва шунга ўхшаган онлайн савдо платформаларида ҳамда стадион атрофида чипталарнинг “иккинчи қўл” савдоси бошланди. Нархлар жуда қиммат. Кимдир 75 мингдан олган битта ёки иккита чиптасини қимматроқ сотиш илинжида эълон берган бўлса, айрим эълонларда турли секторлардан кўп миқдордаги жойлар таклифини кўриш мумкин эди.
Масалан, 40 минг сўмлик энг арзон чипталар ҳам 200 минг сўм атрофида таклиф қилинди. Натижада ўйин бошланишидан олдин 34 минг томошабин сиғимига эга “Бунёдкор” стадиони атрофи мухлислар билан тўлиб, аншлаг бошланди.
Бундан фойдаланган “уддабурон тадбиркорлар” онлайн олинган чипталарни нусхалаб, бир неча кишига сотиб юборган. Оқибатда ким биринчи бўлиб текширувдан ўтса, стадионга кирди, қолганлар эса қўлида чиптаси билан ташқарида қолиб кетди.
Бундан ташқари, стадионга мухлисларни киритиш кеч бошланди. Эшиклар ўйинга кам вақт қолганда очилиши сабабли, тартибсизлик келиб чиқди. Айрим кириш жойларида назоратчилар томонидан чипталар маълум вақт давомида сканер қилинмасдан ўтказиб юборилди. Мухлисларнинг сўзларига кўра, бошқа одамнинг чиптасини расмга олганлар ва таниш-билиш қилганлар ҳам талатўпда ичкарига кириб кетган. Натижада стадион тўлиб бўлгач, ўйин бошланишига бир неча дақиқа қолганда, эшиклар ёпилиб, мухлисларнинг кириши чеклаб қўйилди. Ҳақиқий чиптаси бор, аммо ўйинга бемалолроқ келган мухлислар эса ташқарида қолиб кетди, видеолардан уларнинг сони юзлаб нафар эканини кўриш мумкин.















