Сешанба оқшомида Европада ЖЧ-2026 саралаш босқичи доирасида яна учта гуруҳда иккинчи тур учрашувлари бўлиб ўтди.

I гуруҳ

Дирижёр Эдегор

Исроил — Норвегия 2:4
Голлар: Абу Фани (55), Тургеман (90+3) — Волф (39), Сёрлот (59), Айер (65), Ҳоланд (83).
Исроил: Перец, Голдберг (Ревиво 46), Шломо, Нахмиас, Абада (Даса 61), Глух, Соломон, Жобир (Абу-Фани 46), Перец (Битон 61), Перец (Халайли 78), Туржеман.
Норвегия: Нюланд, Волф (Грегерсен 90), Ҳеггем, Айер, Рюэрсон, Берг (Йонсен 75), Берге, Эдегор (Педерсен 90+1), Скеллеруп (Деннум 61), Сёрлот (Ҳеуге 74), Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Нахмиас (82) – Ҳеггем (31), Сёрлот (72)

Агар голли вазиятлар сонига қаралса, Исроил биринчи турда норвегияликлардан бешта жавобсиз гол қабул қилиб олган Молдованинг аҳволига тушиши мумкин эди. Скандинавларнинг илк ҳужумиёқ хавфли тус олди, аммо Сёрлотнинг зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсинига борди. Кейин «Бавария» дарвозабони Перец катта саҳнага чиқди, уни ҳатто Ҳоланд ҳам доғда қолдира олмади, ҳолбуки Эрлинг бир неча бор гол урмаслик қийин бўлган позициялардан туриб ҳужум қилганди. Фақат бўлим охирларига бориб Эдегорнинг ажойиб пасидан кейин ҳимоячи Мёллер Волф нозик ҳаракат билан тўпни дарвозабоннинг ёнидан ўтказиб ҳисобни очди.

Сёрлот яна бир бор устунни нишонга олиши билан бошланган иккинчи бўлим давомида исроилликлар маълум вақтга ташаббусни қўлга олишди. Соломоннинг айёрона зарбасини дарвозабон Нюланн қайтарди, аммо бироз ўтиб Абу Фани рикошет ёрдамида қаторасига иккинчи ўйинда ўз номини таблога ёздириб қўйди. Бу эса акс таъсир кўрсатиб, викингларни уйғотиб юборди ва улар рақиб мудофаасини янчиб ташлади. Бурчак зарбаси ижро этилганида баланд бўйли Сёрлот тўпга сакрамасдан ҳам бош билан дарвозани ишғол этди, учинчи голни урган Айерга эса рикошетлар серияси ёрдам берди.

Кейин эса Ҳоланд миллий жамоа сафидаги юбилей — қирқинчи голини нишонлади. Эрлинг ўз услубида ҳимоячилар ортида очилди, уни шу куни ассистлар бўйича ҳет-трик қайд этган Эдегор голли пас билан таъминлади. «Арсенал» сардори Молдовага қарши ўйинда ҳам учта голда ўз ҳиссасини қўшганди. «Манчестер Сити» форварди эса миллий жамоа сафидаги бу натижага 41 ўйинда эришди, лекин бу терма жамоалар сафидаги фақат иккинчи энг яхши кўрсаткич. Тезкорлик бобида афсонавий Герд Мюллер олдинда, унга дастлабки 40 гол учун 33 ўйин етарли бўлган. Сўнгги йилларда катта турнирлардан четда қолаётган Норвегия эса бу сафар саралаш босқичини қаторасига икки ғалаба билан бошлади.