Иқтисодиёт | 15:14 / 27.03.2025
24509
5 дақиқада ўқилади

“Cobalt'га шартнома олишга ўхшаб...” — Пискентдаги лабораторияга навбат олиш қийинлашиб кетди

Импорт автомобиллар синовдан ўтказилаётган Пискент туманидаги лаборатория учун навбатлар узайиб бормоқда. Божхона соҳасидаги блогерларга кўра, электрон навбат олиш тунги соат 00:00 да очиляпти ва 1 дақиқага бормасдан, жойлар тўлиб қоляпти. Бунга жавобан UzTest тизимдаги юкламани “сунъий равишда ошириш” ҳолатлари ҳақида баёнот берди.

Тошкент вилояти Пискент туманидаги автомобил лабораториясига навбатлар узайиб бормоқда.

Лабораториянинг қуввати мавжуд талабдан бир неча баробарга камлиги сабаб, шундай бўлиши аввалдан маълум эди.

Импорт қилинган автомобиллар 2024 йил 1 ноябрдан бери божхона ҳудудида эмас, Пискентдаги автополигонда техник синовлардан ўтказилмоқда. Бу ерда импорт автомобиллар учун электромагнит мослашувчанлик текшируви ҳам жорий этилган.

Лабораторияга навбатлар ноябр ойидаёқ юзага келган ва эътирозларга сабаб бўла бошлаганди. Натижада расмийлар навбат олишни электрон шаклга ўтказди, аммо ҳаммага кўриниб турган ва танқидларга сабаб бўлаётган навбатларни кўздан панадаги божхона омборларига кўчириш ҳам етарли самара бермаган кўринади.

26 март куни Теlegram'даги “РАСТАМОЖКА” канали Пискент полигонидаги навбатлар ажиотажга айланганини ёзди. “Навбат олиш соат 00:00 да очилиб, 1-2 дақиқага бормасдан тугаб қолар экан”, деган канал муаллифи бу ҳолатни Cobalt учун онлайн шартнома олишдаги ажиотажга ўхшатди.

Бир автомашина эгаси 10 апрел кунига навбат олганига дўпписини осмонга отиб хурсанд... Шунча кутганига 10 млн сўм харажат хам қилиб беради. Агар майгача сертификат ололмай қолса, яна 2500 доллар қўшимча харажат хам қилади.

Автомонополлар ниятига етди деб ҳисобласак ҳам бўлади. Бунда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ўрни беқиёс”, – деб ёзган муаллиф.

Autodeklarant каналининг ёзишича, 27 март куни ҳолатига 12 апрелгача бўлган навбатлар тўлиб бўлган. Кечки 00:00 дан очилган навбатлар 20 секундда тугаб кетган.

Бекор қилинглар бу замон талабларига мос келмайдиган текширишларни. Ишлаб чиқариш ривожланган давлатларнинг автомобилларини текшириб қанча сифатсиз автомобил аниқлай олишди булар шу вақт оралиғида?! Нега бир турдаги автомобиллларни қайта-қайта текширишади, Ўзбекистонга биринчи олиб кирилганида текшириб, қолганлари учун шу текширув натижаси амал қилса бўлмайди?

Техник тартибга солиш агентлиги ўзбек халқи учун иккинчи автозаводдек бўлди, чунки ушбу ташкилот ҳам халқнинг ўз мулкига эгалигини ойлаб куттиришга мажбур қилмоқда”, – дея ёзган божхонада декларациялаш билан шуғулланувчи блогер.

Расмий муносабат

Техник тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги UzTest маркази ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Марказ ўз баёнотида Пискентдаги электромагнит мослашувчанлик лабораторияси кунига 100-120 та автомобил синовини ўтказиш имкониятига эгалигини тасдиқлаган. Қайд этилишича, лаборатория 24/7 режимда ишлаяпти, шу жумладан, байрам кунларида ҳам ишлашда давом этади.

Ҳозирги вақтда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида M1 тоифадаги транспорт воситаларининг мувофиқлигини баҳолашга навбат олиш Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилмоқда. Электрон навбат мижозга қулай вақт учун QR-код қўйилган тартибда шаклланади ва бунинг учун Ягона идентификация тизими (OneID) ёки электрон рақамли имзо калитларидан фойдаланилади.

Жорий йил 20-25 март кунлари электрон навбат олиш тизимига айрим IP манзиллардан тўхтовсиз жуда кўп сўровлар жўнатиш, сунъий равишда тизимда юкламани ошириш ва электрон навбатларни эгаллаш ҳаракатлари кузатилди”, – дейилади расмий ахборотда.

Таъкидланишича, ҳозирда навбат олиш электрон тизимини такомиллаштирилиб, ҳимоя воситалари жорий қилиняпти. Айни пайтда тизимнинг фаолияти тест режимида ишлаяпти.

UzTest ОАВда тарқалган нархлар ҳақидаги маълумотларни асоссиз деб атаб, сертификатлаш учун кўрсатилаётган хизматларнинг расмий нархларини келтирди:

  • электромобил учун – 4 479 888 сўм;
  • гибрид, бензин ва дизел ёқилғисидаги енгил автомобиллар учун – 5 599 888 сўм.

Мазкур белгиланган нархларга қўшимча тарзда пул талаб қилиш ҳолатлари кузатилган тақдирда, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг 1880 қисқа рақамига тўғридан тўғри мурожаат қилишингизни сўраб қоламиз”, – дейилади Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази (UzTest) баёнотида.

Автомобил импорти кескин қисқарган

Ўтган йили автомобил импортига киритилган бир қатор нотариф чекловлар ортидан, автомобиллар импорти кескин қисқариб кетди.

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январ-феврал ойларида 17 404 та енгил автомобил импорт қилинган бўлса, 2025 йилнинг дастлабки икки ойида бу кўрсаткич 4369 тага тушиб қолган (кунига ўртача 74 тадан). Камайиш – 4 баробар.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўрганишларига кўра, хориждан олиб келинган енгил автомобилларнинг бирламчи бозорида сотувлар феврал ойида январдагига қараганда 2 баробардан кўпроққа тушиб кетган.

Бозорни олдинда яна бир зарба кутяпти: 1 майдан электромобиллар учун утилизация йиғими кескин оширилади

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери