Ўзбекистон | 21:07 / 01.04.2025
3160
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон вакили Франциянинг «Санъат ва адабиёт» ордени билан тақдирланди

Франция маданият вазири Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умеровага ушбу орденни топширди.

Фото: dunyo.info

Франция Маданият вазирлигида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умеровага «Санъат ва адабиёт» (Ordre des Arts et des Lettres) ордени кавалери нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Франция маданият вазири Рашида Дати тақдирлаш маросимидаги нутқида Ўзбекистонда маданият соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган давлат сиёсатини эътироф этиб, бу Франция билан стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлаган.

«Ушбу юксак мукофот Ўзбекистоннинг халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва санъат соҳасида глобал мулоқотни ривожлантиришга қўшган саъй-ҳаракатлари ва ҳиссасининг эътирофидир. Ҳукумат, президент маъмурияти ва Франция Ташқи ишлар вазирлиги, дипломатик корпус вакиллари, маданият арбоблари ва халқаро ҳамкорлар иштирокида Ўзбекистон вакилининг ушбу орден билан тақдирлангани Янги Ўзбекистон маданий дипломатияси самарадорлигининг ёрқин далилидир», — дейди вазир Рашида Дати.

«Санъат ва адабиёт» ордени кавалери нишони Францияда, шунингдек, бутун дунёда санъат ва адабиётнинг гуллаб-яшнашига қўшган хизматларини тақдирлаш учун ҳар йили 60 га яқин кишига берилади.

Мавзуга оид