Жаҳон | 19:02 / 04.04.2025
4373
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Сунъий интеллект туфайли бой ва камбағаллар ўртасидаги тафовут ўсмоқда

Сунъий интеллект дунё бўйлаб 40 фоиз иш ўринларига таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, технологияларнинг иқтисодий фойдаси нотекис тақсимланиш эҳтимоли юқори.

Фото: AFP

Автоматлаштириш ва сунъий интеллект (СИ) ривожланиши 40 фоиз касблар учун салбий оқибатларни юзага келтиради. Бу ҳақда БМТнинг Савдо ва тараққиёт конференцияси (UNCTAD) ҳисоботига таяниб CNBC хабар берди.

Таҳлилчиларнинг маълумотларига кўра, 2033 йилга бориб сунъий интеллект бозори қиймати 4,8 триллион долларга етиши мумкин. Ушбу технология ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва рақамли трансформацияни жадаллаштиришга ёрдам беради, бироқ UNCTAD автоматлаштиришнинг меҳнат бозорига эҳтимолий таъсиридан огоҳлантирмоқда.

Шундай қилиб, СИ дунё бўйлаб 40 фоиз иш ўринларига таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, технологияларнинг иқтисодий фойдаси нотекис тақсимланиши эҳтимоли юқори, бу эса глобал тенгсизликни чуқурлаштиради. Ҳисоботда таъкидланишича, сунъий интеллект асосан меҳнатга эмас, капиталга фойда келтиради, бу эса ривожланаётган мамлакатларда арзон ишчи кучининг рақобатбардошлигини пасайтиради.

БМТ, шунингдек, мамлакатлар ўртасида технологик ривожланишдаги номутаносибликка ҳам эътибор қаратмоқда. Дунё бўйлаб СИ бўйича тадқиқот ва ишланмаларга сарфланаётган маблағнинг 40 фоизи асосан АҚШ ва Хитойда фаолият юритувчи 100 та компания ҳисобига тўғри келади. Apple, Nvidia ва Microsoft каби технологик гигантларнинг бозор капиталлашуви бутун Африка қитъаси ялпи ички маҳсулотига тенг — бу эса мамлакатлар ўртасидаги технологик тафовутни янада кучайтиришга олиб келади.

Экспертлар ривожланаётган мамлакатларнинг СИ норматив-ахлоқий доирасини ишлаб чиқишда фаол иштирок этиши зарурлигини таъкидламоқда. БМТ сунъий интеллект ишлатилишига оид маълумотларнинг ошкор этилиши, умумий инфратузилмани яратиш, очиқ сунъий интеллект моделларини қўллаб-қувватлаш, билим ва ресурслар алмашинувини ривожлантириш ташаббусларини илгари суришни тавсия қиляпти.

UNCTAD’нинг қайд этишича, сунъий интеллект стратегик инвестициялар, тартибга солиш ва халқаро ҳамкорлик шароитида тараққиёт катализаторига айланиши мумкин.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид