Одатда Доналд Трамп ва Яқин Шарқ мавзуси муҳокама қилинганда диққат марказида энг аввало Исроил омили туради. У АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириб танқидлар остида ҳам қолганди. Аммо АҚШ президентининг бу галги Яқин Шарқ сафарининг сўнгги манзили ҳам Тел-Авив эмас. Рекорд даражадаги келишувлар, Трампга шоҳона муносабат, арабларга ҳурмат, Эронга қаратилган танқид билан шов-шувга айланган сафар.

Кun.uz студиясида Яқин Шарқ масалалари бўйича экспертлар Фарҳод Каримов, Шавкат Икромов ва Ҳабибуллохон Азимов мавзу юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Трамп нега Яқин Шарқ сафарини Саудиядан бошлади?

Фарҳод Каримов: Трамп Америка Қўшма Штатларининг иқтисодий жиҳатдан қайта қудратини тиклаш, дунёдаги таъсир доирасини ва буюклигини яна қайтаришини эълон қилган эди. Бу биринчи сайлов даврида ҳам тушунарли бўлган ва биринчи ташрифини ҳам айнан Яқин Шарқ минтақаси, хусусан, Саудия Арабистонидан бошлаган. Ўшанда ҳам араб мамлакатлари билан учрашиб, асосий мақсадимиз капиталга эга бўлган давлатлар ва субъектларга қаратилади деган эди. Дунёдаги асосий инвестицион лойиҳалар пакетлари ҳозирги кунда араб давлатларида, АҚШнинг мақсади эса Хитой билан рақобат қилиш ва ундан устун келадиган иқтисодиётни тиклаш. Трамп учун бундай капитал ҳозир сув ва ҳаводек зарур. Трамп бизнесмен ва у айнан шунга эътибор беради. Саудия Арабистони эса шу капиталга эга бўлган араб ва мусулмон давлатлари ичида энг каттаси ва асосийси ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Яқин Шарққа бўлган ташриф айнан Саудия Арабистонидан бошланди ва эътибор берадиган бўлса, энг кўп муддат ҳам Саудия Арабистонида бўлди. Учрашувлар деярли икки кун давом этди ва бу ерда кўрилган ва муҳокама қилинган масалаларнинг аксарияти иқтисодий мавзулар эди. Яъни Вашингтон араб давлатларига нима тақдим эта олади, Хитой ва бошқа давлатлар бу эҳтиёжни қондириб кўймасдан олдин АҚШ учун буюртмалар олиш биринчи масала бўлди.

Манзиллар орасида нега Исроил йўқ, Тел-Авивга нисбатан муносабат ўзгардими ёки Трампнинг вақтинча жазо чорасими?

Ҳабибуллохон Азимов: Трамп ҳақиқатан жуда ҳам исроилпараст президент, Трамп даврида Исроилнинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналари Қуддусга кўчирилди. Чунки сайловолди компанияси вақтида ҳам яҳудий лоббийлари Трампни қўллаган. Лекин бугунги Трампнинг Яқин Шарқ минтақасидаги сиёсати ўзгарганини кўриб турибмиз, чунки Трамп ҳақиқатан бугун президентдан кўра бизнесмен экани билиниб қолмоқда. Унинг молия ва капиталга бўлган интилиши Американинг Исроилга муносабатини бир чеккага суриб қўйишга мажбур қиляпти. Трампнинг Нетаняҳу билан боғлиқ муаммолари бор, чунки Нетаняҳу минтақада тинчлик бўлишини хоҳламаяпти. Яъни у бугун Америка Қўшма Штатларидаги яҳудий диаспорасидан фойдаланган ҳолда, Американи Эрон билан қарама-қарши ҳолатга ҳам мажбурлаётганини кўриб турибмиз. Трамп Исроилнинг хавфсизлиги ва давлатчилигидан юз ўгиролмайди, фақатгина Нетаняҳусиз минтақада ташқи сиёсат олиб боряпти. Бугун Исроилда Нетаняҳу даври тугаб, ҳукумат алмашадиган бўлса, албатта, Америка Қўшма Штатлари Исроилнинг минтақадаги хавфсизлиги, иқтисодий, сиёсий ҳолати барқарорлиги учун ҳар доимгидек кўмак беради.