Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентдан Шарм аш-Шайхга учадиган рейс техник сабабларга кўра кечиктирилди
Айни пайтда йўловчилар терминалнинг стерил зонасида бўлиб, иссиқ овқат билан таъминланган.
Fly Khiva авиакомпаниясининг Тошкент—Шарм аш-Шайх—Тошкент йўналиши бўйича 2U-5501/2U-5502 рейси Тошкент аэропортида техник сабабларга кўра кечиктирилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, айни пайтда йўловчилар терминалнинг стерил зонасида бўлиб, иссиқ овқат билан таъминланган, авиакомпания вакиллари эса уларнинг барча мурожаатларига тезкорлик билан жавоб бермоқда.
Таъкидланишича, рейс кечиктирилган тақдирда авиакомпания йўловчиларни меҳмонхонага жойлаштириш, озиқ-овқат ва транспорт билан таъминлаш чораларини кўради.
Дастлабки маълумотларга кўра, рейс маҳаллий вақт билан соат 18:20 да белгиланган манзилга жўнайди.
«Парвоз ҳолати ҳақида батафсил маълумот олиш учун авиакомпанияга мурожаат қилишингиз мумкин», — дейилади хабарда.