Ўзбекистон | 00:16 / 13.08.2025
4916
5 дақиқада ўқилади

Ўзини банд қилганларга имконият, қарийб ярми ёниб кетган бозор ва коррупция устида ушланган ИИО ходимлари – маҳаллий дайжест

2026 йилдан бошлаб ЯТТ ва ўзини банд қилганлар учун айланма солиғи 1 фоизгача пасайтирилади, Тошкент вилоятидаги Уч қаҳрамон бозорида содир бўлган ёнғин юзасидан жиноят иши қўзғатилди, Бухоро ва Тошкент вилоятларида, шунингдек, Тошкент халқаро аэропортида уч нафар ички ишлар ходими пора олаётганда қўлга тушди, Навоийдаги иккита осма дор йўли фаолияти тақиқланди – шу ва бошқа муҳим хабарлар билан Kun.uzʼнинг маҳаллий янгиликлар дайжестида таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Иккита осма дор йўли фаолияти тақиқланди

Навоий вилояти, Хатирчи туманидаги Лангар қўрғонида жойлашган иккита осма дор йўли фаолияти тақиқланди.

10 август куни Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан Лангар қўрғонида тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган иккита осма дор йўлининг техник ҳолати, норматив хужжатлар талабларига жавоб бериши бўйича ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш давомида дор йўлидан фойдаланиб келаётган тадбиркорларга мавжуд камчиликлар бўйича кўрсатма берилган ҳолда тегишли рухсатнома олмасдан туриб дор йўлидан фойдаланмаслик бўйича қатъий тақиқ қўйилган.

Қўмита аттракционлар билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, техник носоз ва шубҳали бўлган аттракционлар ҳақида хабар беришни сўраган.

Ўзини банд қилганлар учун имконият

2026 йил 1 январдан савдо айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади. Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганларга электрон тўловларни қабул қилиш учун махсус QR-коднинг мавжудлиги чакана савдо қоидаларининг мажбурий талабига айланади.

Бугунги кунда агар бир календарь йилида маҳсулот ва хизматларни сотишдан тушган даромад 100 миллион сўмдан ошса, ЯТТ қатъий белгиланган солиқ режимидан айланма солиғи режимига ўтиши шарт. Солиқ ставкаси айланманинг 4 фоизини ташкил қилади.

Бундан ташқари, 2030 йил охирига қадар ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар учун ягона рақамли платформага эга алоҳида ҳуқуқий режим жорий этилади. У орқали фаолиятни расмийлаштириш, ҳисоб-китобларни бошқариш, солиқ тўлаш, чек яратиш ва электрон ҳамён очиш мумкин бўлади. Ҳужжатлар электрон калитсиз имзоланади.

Уч қаҳрамондаги дўконларнинг 40 фоизи ёниб кетган

11 август куни ярим тунда Тошкент туманида жойлашган «Уч-қаҳрамон ихтисослашган савдо мажмуаси»да ёнғин келиб чиққанди. Ҳодиса жойига 10 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган ҳамда ёнғинни ўчиришга қарийб 2,5 соат вақт кетган эди.

Тошкент вилояти ИИББ бозордаги ёнғин ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Бошқарма хабарига кўра, бозорнинг умумий дўконлар қурилган майдони 20 минг кв м бўлиб, кўрилган тезкор чоралар натижасида 12 минг кв м майдонда жойлашган савдо дўконлари ёнғиндан сақлаб қолинган. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олган ёки ҳалок бўлганлар аниқланмаган.

Бундан келиб чиқадики, олов бозорнинг 40 фоиз қисмини яксон этган. Ҳозирда ёнғин келиб чиқиши сабабларига аниқлик киритиш мақсадида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ИИО ходимлари коррупция устида ушланди

Бухоро ва Тошкент вилоятларида, шунингдек, Тошкент халқаро аэропортида уч нафар ички ишлар ходими пора олаётганда қўлга тушди.

Жумладан, Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси ходими ўзининг мансабдор танишлари орқали Бухоро шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими иш юритувида бўлган жиноят ишини гумонланувчига нисбатан бўлган қисмини ҳаракатдан тугатишда ёрдам бериши эвазига 13 минг АҚШ доллари талаб қилган. У ўтказилган тезкор тадбирда ушбу пулни олган вақтида ушланган.

Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси қўриқлаш бошқармаси Ангрен шаҳар бўлими сафдор ходими эса бўлинма командири ўринбосари билан ўзаро тил бириктириб, хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда мансабдор танишлари орқали Оққўрғон туманида яшовчи фуқарони қўриқлаш бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 1500 АҚШ доллари талаб қилган. Сафдор ходим тезкор тадбирда 1000 доллар билан қўлга олинган.

Шунингдек, ДХХ томонидан ўтказилган яна бир тезкор тадбирда ИИВ Миграция ва персоналлаштириш Департаменти Тошкент халқаро аэропортида паспорт-виза бўлими катта инспектори ушланган. У вояга етмаган шахснинг хорижга чиқиш биометрик паспортига уни хорижга олиб чиқиб кетаётган фуқарога ҳамроҳлик қилувчи штамп белгисини тезлаштирилган тартибда расмийлаштириб бериш эвазига 400 АҚШ долларини пора сифатида олган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу катта инспектор 2025 йилнинг бошидан ҳозирги кунга қадар 42 нафар чет эллик сайёҳнинг ҳар биридан 300-700 АҚШ доллари, 8 нафар фуқародан эса 200-400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида олгани ҳам аниқланган.

Мавзуга оид