Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бугун Оқ уйда катта учрашув. Кутилмалар қандай?
Украина президенти ва Европа етакчилари Вашингтонга йўл олмоқда. Хўш, Трамп яна Украинага босим ўтказадими? АҚШ президентининг мақсади нима ўзи? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури таҳлилчилари урушнинг тақдири ҳақидаги кутилмалари билан ўртоқлашди.
Шуҳрат Расул: Украина ва Европа коалицияси ҳеч қачон ҳудудий ён беришларга рози бўлмайди. Буни президент Зеленский ўзи ҳам бир неча бор очиқ айтган. Агар Зеленский бундай қарорга борса, икки соат ичида Майданга юз минглаб одамлар чиқиб, уни “сотқин” деб атайди ва истеъфога чиқаради.
Украина – президент-парламент республикаси бўлгани учун парламентнинг ваколатлари президентники билан тенг. Шунинг учун агар у бундай қарор қабул қилса, парламентдаги кучлар уни чеклаб қўйиши, ҳатто унга қарши жиноий чоралар кўрилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Трамп учун ким ғалаба қозониши умуман аҳамиятсиз. Трампнинг мақсади ўзини тинчлик ўрнатган арбоб сифатида кўрсатиб: “Мана, уруш тугади, энди менга Нобел мукофоти беринг” дейиш. Россия фақат Донбассни эгаллайдими ёки Днепргача бўлган ҳудудларними – унга умуман фарқи йўқ.
Асосий масала шуки, Трамп 18 август куни учрашувда Зеленскийга босим ўтказишга ҳаракат қилади. Худди бир неча ой олдин бўлганидек. Трампга на Украина манфаатлари, на Россия, ҳатто Америка манфаатлари ҳам қизиқ эмас. Трамп учун ҳозир фақат ўз манфаатлари муҳим. Шу сабабдан у: “Донбасс масаласида келишув тузайлик, Путиннинг шартларига кўн”, деб босим ўтказиши мумкин. Лекин Зеленский буни қабул қилмайди, чунки бу унинг сиёсий ўзини ўзи йўқ қилиши демакдир. У яхши биладики, бундай қарор уни нафақат халқ олдида, балки орқасидаги кучли сиёсий доиралар олдида ҳам қудратсиз қилади.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ва бошқа иттифоқчилар ҳам Зеленскийни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Яқинда улар: “Биз сиз биланмиз, сизни ёлғиз қолдирмаймиз”, деган қатъий баёнотлар берди. Бу эса Зеленскийга қўшимча таянч ва ишонч бермоқда. Шу боис у Путиннинг ёки Трампнинг босимларига таслим бўлиш эҳтимоли жуда паст.
Анвар Йўлдошев: Эртага бўладиган учрашувда, эҳтимол, Трамп Зеленскийга жиддий тазйиқ ўтказади. Унга шундай дейди: “Сен Путиннинг талабларига рози бўл. Шунда биз сенга хавфсизлик кафолати берамиз. Биз кафолатни тақдим этамиз, шуни қабул қиласан”, деб мажбурлашга уриниш эҳтимоли бор. Зеленский эса бундай таклифга рози бўлишни истамаслиги аниқ. Шундай вазият яна ўзаро жанжал ва кескинликка олиб келиши мумкин.
Шундай бўлса-да, Трампнинг босими натижа бериш эҳтимоли юқорироқ. Чунки Европа Иттифоқи бу масалада жиддий рол ўйнай олмайди. Европа ёрдам беришни ваъда қилади, лекин амалда кўп иш қилолмайди. АҚШ эса барибир дунёдаги энг қудратли давлат ва унинг раҳбари нимани истаса, ўша йўналишда сиёсат юритади. Зеленский ҳам АҚШ, хусусан, Трамп билан яхши муносабатларни сақлаб қолишни истайди, аммо ўз ҳудудини бериб қўйишга ҳаққи йўқ.
Шундай вазиятда Зеленскийга: “Сен урушни тугатишни хоҳлайсанми, хоҳламайсанми?” деган савол билан босим қилинади ва айбловлар ёғилиши мумкин. Европа Иттифоқида қарорлар якдиллик асосида қабул қилинади, айрим давлатлар эса ёрдамдан бош тортяпти. Кўнгиллилар коалицияси ҳам айтилганидек сезиларли ёрдам беролмаяпти.
Камолиддин Раббимов: Бугун АҚШдан бошқа қатор давлатлар Украинага қурол етказиб беряпти. Айрим давлатлар Украина ичкарисида қурол ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Бироқ Украинадаги асосий муаммо қурол эмас, балки инсон ресурси: 145 миллионлик Россияга қарши 30 миллионлик Украина аҳолиси сафарбарликда етарли куч тўплай олмаяпти.
Европа Иттифоқидаги кўплаб давлатлар, айниқса тўққизтаси, аниқ хулосага келган: Россиянинг мақсади фақат Украинани нейтрал қилиш билан чекланмайди, у кейинги қадамларни ҳам ташлайди. Шу сабабли Қозоғистон президенти Тўқаев ҳам сўнгги пайтларда хавотирда: Туркия билан ҳамкорликни кучайтирди, Озарбойжон билан алоқаларни янги даражага олиб чиқди. Чунки Россия хавфи қўшни Қозоғистонда ҳам кескин сезилмоқда.
Россиянинг баёнот ва қадамларини таҳлил қиладиган бўлсак, уруш бошланишидан икки-уч ой олдин 2021 йил декабрида Россия Ташқи ишлар вазирлиги ултиматум эълон қилганди: постсовет давлатлари Ғарб билан ҳарбий ҳамкорлик қилмасин, ҳарбий база очмасин, НАТО билан алоқага кирмасин. Бу эса уларнинг мустақиллигини кескин чеклаш дегани эди.
Шундан кейин Америка ва Европа Иттифоқида аниқ хулоса шаклланди: Россия авторитар давлат, у жамоатчилик фикрига эътибор бермайди, ҳокимиятни тийиб турувчи институтлар қолмаган, Путин хоҳлаганини қилади. Совет давридаги коллегиал бошқарув бугун йўқ, Россияда якка шахс бошқаруви мавжуд.
Россия бугун дунёдаги мавжуд халқаро тартибни, геосиёсий мувозанатни ёки қоидаларни ўзгартиришга интиладиган давлат сифатида намоён бўлмоқда. Унинг асосий миссияси – кўп қутбли дунё шакллантириб, коллектив Ғарбнинг ҳукмронлигини тугатиш. Европа Иттифоқи ҳам худди шундай хулосага келмоқда: Россия тўхтамайди. У тўхташи учун ичкарида ҳам шароит йўқ. Иқтисодиёт ҳарбий релсларга ўтказилган, жамият уруш машинасига бўйсундирилган. Шу сабабли Россиянинг ҳаракатлари барқарорликка эмас, кескинликка олиб бормоқда. Албатта, Россияда урушдан чарчоқ мавжуд, бу кўриниб турибди. Лекин Украинага бостириб киришдан олдин ҳам кўпчилик экспертлар бундай қилишини кутмаган эди.
Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube’да томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.