Ўзбекистон | 00:19 / 23.08.2025
5001
8 дақиқада ўқилади

Туркманистонга ташриф, яна суд ислоҳоти ва сотилган олтин конлари — маҳаллий дайжест

Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистонга амалий ташриф билан борди. “Рақамли суд” концепцияси йўлга қўйилади. Навоий ёдгорлиги қайта тикланяпти, йирик олтин конлари сотилди, «Ташаббусли бюджет»дан четлатилган туманлар ва коррупция билан боғлиқ бир қатор ҳолатлар фош этилди. Шу ва бошқа муҳим хабарлар билан Kun.uzʼнинг маҳаллий янгиликлар дайжестида таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шавкат Мирзиёев Туркманистонга амалий ташриф билан борди

Президент Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Туркманистонга борди. Туркманбоши шаҳри аэропортида уни Туркманистон ҳукумати вакиллари тантанали кутиб олди.

Ташриф доирасида давлат раҳбари «Озарбойжон – Туркманистон – Ўзбекистон» форматидаги уч томонлама учрашувда иштирок этди. Шунингдек, туркман халқининг миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокаралар ўтказди.

Учрашувда дўстлик ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Бу йил бошидан бери икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 700 миллион доллардан ошиб, эркин савдо тартиби йўлга қўйилди. Савдо уйлари ишлаяпти, саноат, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Яқин кунларда «Шовот – Дошҳовуз» савдо зонаси ишга туширилиши кутилмоқда. Етакчилар шунингдек, бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви кун тартибини ҳам муҳокама қилди.

Президент суд тизимидаги ислоҳотларни маъқуллади

Президент Шавкат Мирзиёев суд тизимини такомиллаштиришга оид таклифлар билан танишди ва уларни маъқуллаб, тегишли фармонларни имзолади.

Янги тартибга кўра, Фуқаролик ва иқтисодий судлардаги низосиз ишлар маъмурий органларга ўтказилади. Маъмурий ва иқтисодий суд ишлари экстерриториал тарзда кўрилади. Судяликка тайинлаш муддатлари қайта кўриб чиқилади. Вилоят ва унга тенг судлардаги тафтиш инстанциялари тугатилади, ўрнига 5 та минтақавий суд ташкил этилади. Судялар олий мактаби негизида Одил судлов академияси ташкил этилади.

Шунингдек, “Рақамли суд” концепцияси орқали жараёнлар рақамлаштирилиб, фуқаролар ва тадбиркорларга қулайлик яратилади, коррупциянинг олди олинади.

Ислоҳотлар натижасида суд тизимида халқчиллик, очиқлик ва малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистонда 3 та йирик олтин кони сотилди

Сўнгги уч кунда Навоий ва Тошкент вилоятларида жойлашган “Темирчи”, “Терекли” ва “Пирали” олтин конлари аукцион орқали сотилди. Уларнинг умумий қиймати 20 миллион АҚШ долларидан ошиб кетди.

“Темирчи” конида тахминан 6 тонна олтин захираси бор. Унинг нархи 4 миллиард сўмдан 67 миллиард сўмгача кўтарилиб, “Заурис” масъулияти чекланган жамиятига сотилди.

“Терекли” конида 2 тонна захира мавжуд. Унинг баҳоси қарийб 20 баробар ошиб, 81 миллиард сўмга етди. Савдода “Тойлоқ Тоза Ҳудуд” масъулияти чекланган жамияти ғолиб бўлди.

Энг йириги - “Пирали” кони. 2,4 тонна олтин захирасига эга бу майдон қарийб 24 соатлик савдода бошланғич қийматидан 24 баробар қимматга, “Эн-Би-Кей 111” масъулияти чекланган жамиятига топширилди. Унинг 40 фоиз улуши Хитой фуқароси Чжан Цянга тегишли.

Инвесторлар 3 йил давомида ушбу майдонларда олтин қидириш ҳуқуқига эга. Қазиб олинган барча металлар давлат қабул кассаларига топширилиши шарт.

Икки туман “Ташаббусли бюджет”дан четлатилди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилишича, Андижон вилоятининг Олтинкўл ва Улуғнор туманлари “Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи мавсумида қатнашмайди.

Сабаб - лойиҳаларни саралаш босқичида амалдаги мезонларга риоя этилмаган.

Улуғнор туманида 73 та лойиҳа қабул қилинган бўлиб, шундан фақат 13 таси овоз беришга ўтган, қолган 60 та лойиҳа эса ҳеч қандай асоссиз рад этилган.

Олтинкўл туманида ҳам шу ҳолат кузатилган: 116 та лойиҳадан атиги 22 таси овоз беришга ўтказилган, 94 таси эса тушунтиришсиз рад этилган.

Вазирлик бу ҳолат юзасидан комиссияларга хат юборган, аммо лойиҳалар қайта кўриб чиқилмаган. Шунинг учун икки туманда овоз бериш босқичи ўтказилмайди.

Тошкент ва Фарғонада коррупция билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди

Тошкент шаҳрида шифохоналарга имтиёзли йўлланмаларни ноқонуний сотиш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди.

Маълумотларга кўра, фуқаро ўзининг таниш тиббиёт ходимлари орқали турли шифохоналарда даволаниш учун ордер тайёрлаб берган ва ҳар бири учун 1,5-2 миллион сўмдан пул талаб қилган. Назорат тадбири вақтида улардан бир нечта тайёр ҳужжатлар топилди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.

Фарғона вилоятида эса коррупцияга қарши курашишга масъул бўлган мансабдор пора билан ушланди. Фарғона ҳудудий электр тармоқлари акциядорлик жамиятининг тегишли бўлим бошлиғи, корхона бош муҳандисининг йўл қўйган камчиликларини раҳбариятдан яшириш эвазига 1500 АҚШ доллари талаб қилган. У пулнинг бир қисмини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди. Кейинчалик унинг шериги ҳам аниқланди.

Суд ҳукмига кўра, айбдорлар мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан икки йилга маҳрум этилди. Шунингдек, уларга икки йил-у бир ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Мозори Шарифда Навоий ёдгорлигини қайта тиклаш бошланди

Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ёдгорлигини қайта барпо этиш ишлари бошланди.

Шаҳар ҳокими Абдураҳмон Ҳимматнинг айтишича, Навоий ёдгорлиги хароб ва кўримсиз ҳолга келиб қолгани боис уни янгидан қуришга қарор қилинган.

Янги мажмуа учун катта майдон ажратилмоқда. Унда Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги лавҳалар ўзбек, инглиз, дорий ва пушту тилларида ўрнатилади. Шунингдек, кутубхона ҳам ташкил этилади.

Ёдгорлик қурилиши шаҳар ҳокимлиги маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади ва бир ойда якунланиши кўзда тутилган. Матнларни тайёрлашда Термиз давлат университети кўмак беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мозори Шарифда Навоий ҳайкали ва ёдгорлиги бутунлай вайрон қилинган эди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳақда Афғонистон ҳукуматидан изоҳ сўраган. «Толибон» ҳукуматининг баёнотига кўра, ёдгорлик аввалги жойи Навоий хотираси учун муносиб эмаслиги сабабли бузилган, ўрнига янада кўркам мажмуа қурилиши режалаштирилган.

ADWorld иши бўйича икки блогерга маъмурий баённома расмийлаштирилди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Отабек Жўраев ҳамда Абдураҳмон Абдураҳмоновни жаримага тортди.

Маълум қилинишича, улар ўз саҳифаларида хорижга ишга юбориш билан шуғулланган, аммо тегишли лицензияга эга бўлмаган “ADWorld Group” масъулияти чекланган жамиятини реклама қилган. Бу компания юзлаб одамларни алдаганликда гумон қилинмоқда.

“Реклама тўғрисида”ги қонунга кўра, махсус рухсатномаси бўлмаган хизматларни реклама қилиш мумкин эмас. “ADWorld Group”да эса ҳеч қандай лицензия йўқлиги аниқланган.

Натижада, блогерларга маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, иш судга юборилган.

Муаллиф:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид