Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
38 млнга етган аҳоли, чемпионатдан четлатилган гандболчилар ва навбатдаги афв – маҳаллий дайжест
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий музейи қурилишига тамал тоши қўйди. Ўзбекистон аҳолиси сони 38 миллионга етди. «Тошкент-Шарқий» аэропорти қурилиши якунланди. Президент 523 нафар маҳкумни афв этди. Ўзбекистон ёшлар гандбол жамоаси Тошкентда ўтаётган Осиё чемпионатидан четлатилди. Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий музейи қурилишига тамал тоши қўйди
Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Ўзбекистон Миллий музейи қурилишига тамал тоши қўйди. Тошкентда ушбу музей қурилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Ўзбекистон Миллий боғи яқинидаги майдонга маданият ва санъат намояндалари, олимлар ва адиблар, кексалар, жамоатчилик вакиллари йиғилди.
Музей Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шафелигида Япониянинг «Tadao Ando Architect & Associates» архитектура бюроси ҳамда Германиянинг «Atelier Brückner» компанияси томонидан лойиҳалаштирилган. Хитойнинг «CSCEC International Construction» компанияси томонидан қурилади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа 2022 йилда, Санъат музейининг янги биноси сифатида тақдим этилган эди. Иншоот қурилишини 2024 йилда бошлаш кўзда тутилганди.
Ўзбекистон аҳолиси сони 38 миллионга етди
2025 йилнинг 28 август куни соат 9:35 ҳолатига Ўзбекистон доимий аҳолиси сони 38 миллион кишига етди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, эркаклар сони 19 136 800 нафарни, аёллар сони 18 863 200 нафарни ташкил қилган. Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сонида эркаклар сони аёлларга нисбатан 273 600 нафарга кўп.
Аҳоли сони 37 миллиондан 38 миллионга етиши учун 493 кун кифоя қилди (2024 йил 22 апрелдан 2025 йил 28 августгача).
Тошкент яна бир аэропортга эга бўлди
Умумий майдони 561 гектардан иборат «Тошкент-Шарқий» аэропорти қурилиши якунланди. Шавкат Мирзиёев бизнес вакиллари ва олий мартабали меҳмонлар учун мўлжалланган аэропортни кўздан кечирди.
Таъкидланишича, аэропорт қулай жойлашуви туфайли пойтахт ва Янги Тошкент шаҳри учун муҳим транспорт хабига айланади. Халқаро ташрифлар ва ишбилармонлик сафарларини амалга ошириш имкониятлари кенгаяди, хорижий инвесторлар учун шароитлар яхшиланади. Шунингдек, Тошкент халқаро аэропортига юкламани енгиллаштиради.
Президент 523 нафар маҳкумни афв этди
Мустақиллик байрами арафасида Шавкат Мирзиёев 523 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Улардан деярли 200 нафари жазодан бутунлай озод қилинган, қолганларида эса муддати ёки шартлари қисқартирилган. Афв этилганлар орасида 8 нафар хорижлик, жумладан Тожикистон ва Сиерра-Леоне фуқаролари ҳам бор.
Шунингдек, афв этилганлар орасида 45 нафар аёл, 60 ёшдан ошган 31 киши, 30 ёшгача бўлган 220 нафар, шу жумладан бир нафар вояга етмаган шахс, илгари тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган 15 киши бор.
Ўзбекистонда биринчи мигрантлар ресурс маркази очилди
Марказ Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилди. У хавфсиз ва қонуний миграция бўйича маслаҳат бериш, норасмий миграция хавфлари ҳақида хабардорликни ошириш, одам савдоси таҳдидлари ҳақида маълумот бериш билан шуғулланади.
Тошкентдаги мигрантлар ресурс маркази (МРМ) дунё бўйича фаолият юритаётган 14 та МРМ тармоғининг энг сўнгги ташкил этилгани ҳисобланади. Янги марказ миграция ёки қайтишни режалаштираётганлар учун амалий ва ўз вақтида ёрдам кўрсатиб, уларнинг қарорлари онгли, хавфсиз ва ҳуқуқларга асосланган бўлишини таъминлайди.
Ўзбекистон ёшлар гандбол жамоаси Тошкентда ўтаётган Осиё чемпионатидан четлатилди
Ўзбекистонда ўтаётган 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги Осиё чемпионати мезбонлар учун нохуш тарзда якунланди.
Ўзбекистон U20 жамоаси яримфинал остонасида мусобақадан четлатилди. Осиё гандбол федерацияси бу қарорига изоҳ бермади. Ўзбекистонликларнинг гуруҳ босқичидаги барча натижалари (3 ғалаба, 1 мағлубият) бекор қилинди. Оқибатда Ўзбекистон U20 нафақат яримфинал йўлланмасидан, балки жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлди.
Баъзи манбаларга кўра, Осиё гандбол федерацияси томонидан чиқарилган қарорга миллий жамоадаги бир қатор ўйинчиларнинг ҳужжатларида ноаниқликлар борлиги сабаб бўлган.
Мавзуга оид
21:52 / 17.12.2025
Тошкентда янги «сити»лар ва XCM молиявий пирамидасининг қулаши – маҳаллий дайжест
21:26 / 16.12.2025
Тошкентда йирик иссиқлик таъминоти маркази ва қўқонлик табибнинг судга берилиши – маҳаллий дайжест
21:30 / 15.12.2025
Тадбиркорлар учун янги имкониятлар ва ИИБ ходимининг мудҳиш жинояти – маҳаллий дайжест
21:02 / 12.12.2025