Ўзбекистон | 21:38 / 02.09.2025
7020
4 дақиқада ўқилади

Импорт автомобилларга оид ўзгариш ва қамоққа олинган Наманган шаҳри ҳокими – маҳаллий дайжест

Импорт автомобилларни Пискентдаги автополигонда синовдан ўтказиш амалиёти бекор қилинди. Наманган шаҳри ҳокими 60 минг доллар пора олган вақтида ушланди. «Ташаббусли бюджет» жараёнида депутатлар ва сайловчилар ўртасида ҳамкорлик кучайтирилади. Биржада АИ-80 бензини сотуви тўхтатилди. Kun.uz ёритган ушбу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Импорт автомобилларни Пискентдаги автополигонда синовдан ўтказиш амалиёти бекор қилинди

2 сентябрдан автомобилларни Пискентдаги лабораторияда синовдан ўтказиш амалиёти тўхтатилди. Бу қарор Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган расмий автодилерлар сони кўпайгани билан изоҳланди.

2024 йил 1 ноябрдан бошлаб импорт қилинган автомобилларни божхона ҳудудида эмас, Пискентдаги полигонда техник синовлардан ўтказиш бошланганди. Шунингдек, якка тартибда ёки хусусий тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган машиналар учун электромагнит мослашувчанлик текшируви ҳам жорий қилинди. Бунинг ортидан автомобилларини полигонга олиб келганлар узун навбатларга рўбарў келди ва норозиликлар бошланган эди.

Наманган шаҳри ҳокими қамоққа олинди

Анвар Отахўжаев ҳокимликнинг девонхона мудири орқали 60 минг доллар олган вақтида ушланган.

Маълум қилинишича, ҳоким ва пойабзал ишлаб чиқарувчи корхона раҳбари ўзаро тил бириктириб, қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқародан шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ер майдонида жойлашган маънан эскирган турар жой бинолари ўрнига кўп қаватли уй барпо этиш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг доллар талаб қилган.

Ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб корхона раҳбари, сўнгра ҳоким ушланган. Ҳозир Наманган шаҳри ҳокими депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, қамоққа олинган.

«Ташаббусли бюджет» жараёнида депутатлар ва сайловчилар ўртасида ҳамкорлик кучайтирилади

Президент қарорига кўра, 2026 йил 1 январдан депутатлар ҳар йили «Ташаббусли бюджет» жараёнларида тегишли сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан аҳолининг кундалик ҳаёти ва ҳудудни ривожлантиришга таъсир қиладиган 2 та лойиҳани (ҳар мавсумда 1 тадан) «Очиқ бюджет» ахборот порталида танлайди. Мазкур танлов лойиҳани республика бюджетидан молиялаштириш учун асос ҳисобланади.

Шунингдек, мазкур жараёнларда ғолиб бўлмаган лойиҳаларни молиялаштириш учун ҳар бир депутатга 1 йилда 2 мавсумга БҲМ 8 минг баравари миқдорида маблағ ҳар йилги республика бюджетида назарда тутилади.

Биржада АИ-80 бензини сотуви тўхтатилди

2025 йилги давлат дастурида белгиланган АИ-80 бензинидан воз кечиш вазифасига мувофиқ, «Ўзбекнефтгаз» 2 сентябрдан эътиборан бу маркали бензинни биржа савдоларига чиқаришни тўхтатди. Компания унинг ўрнига АИ-92 таклифи оширилганини билдирди.

Қайд этилишича, август ойида тадбиркорлар томонидан харид қилинган АИ-80 русумидаги автобензин ҳажмлари мажбурият ва мавжуд қолдиқлар доирасида сентябр ойида ҳам ўз эгаларига етказиб берилади.

Мактаб таъмирлашга жалб этилган ўқитувчилар воқеаси ортидан Ховос тумани ҳокими ҳайфсан олди

Сирдарё вилояти, Ховос туманидаги 9-мактабда бир гуруҳ ўқитувчилар мактаб таъмирлаш учун мажбуран жалб этилганига оид Kun.uz материалидан сўнг, вилоят ҳокимлиги расмий изоҳ берди.

Қайд этилишича, ҳолат вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳузурида туман ҳокими Улуғбек Йўлдошев ҳамда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири, 9-мактаб директори ва таҳририятга мурожаат йўллаган математика фани ўқитувчиси билан муҳокама қилинган.

Муҳокама якунида туман ҳокимига таълим муассасаларида етарли назорат ўрнатмагани ва зарур тарғибот-ташвиқот ишларини самарали олиб бормагани учун ҳайфсан берилган. Иш берувчи томонидан туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудирига интизомий жазо берилиши, 9-мактаб директорининг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши белгиланган.

Муаллиф:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид