Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Футболдаги ютуқ, 12 йиллик таълим ва ишдан олинган вазир ўринбосарлари – маҳаллий дайжест
Ўзбекистон футбол миллий жамоаси Эронни мағлуб этиб, CAFA-2025 кубогини қўлга киритди. Уч босқичли 12 йиллик умумий таълим тизимига ўтилади. Олий таълим вазирининг барча ўринбосарлари лавозимидан олинди. Чиройли авторақамларни аукцион орқали сотиш амалиёти бекор қилинади. Андижоннинг Бўстон тумани ҳокими икки ўринбосари пора билан ушланди. Kun.uz ёритган ушбу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Ўзбекистон Эронни мағлуб этиб, CAFA-2025 кубогини қўлга киритди
Тошкентда ўтказилган CAFA Nations Cup – 2025 турнири финалида Ўзбекистон ва Эрон тўқнаш келди. Ўзбекистон миллий жамоаси қарийб бутун ўйин давомида рақибдан бир футболчи кўп бўлиб ўйнади, аммо ғалаба голини сўнгги дақиқада урди.
Кескин курашларга бой ўйинда мухлислар қизил карта ва амалга оширилмаган пенальтини ҳам кўрди. Ўзбекистон Эронга қарши ғалабасиз ўйинлардан иборат 13 йиллик нохуш анъанани бузди.
Ўйиндан кейин президент Шавкат Мирзиёев ва ФИФА раҳбари Жанни Инфантино совриндор футболчиларга медалларни ва Кубокни топширди.
Ўзбекистонда 12 йиллик умумий таълим тизимига ўтилади
12 йиллик таълимга ўтиш халқаро стандартлар билан боғлиқ: 2022 йилги PISA маълумотларига кўра, юқори натижаларга эришган мамлакатларнинг 85 фоизи 12 йиллик мактаб таълимига эга.
Олти ёшли болалар учун мактабга тайёргарлик йили энди бошланғич таълимга киритилади. Мамлакатда 3,6 мингта мактаб ва 1 мингдан ортиқ давлат боғчалари ташкил этилади, уларда болалар янги тайёргарлик дастуридан ўтади.
12 йиллик таълим тизими уч босқичдан иборат бўлади:
- 1 йил тайёргарлик ва 4 йил бошланғич мактаб;
- 5 йиллик асосий умумий ўрта таълим (5–9-синфлар);
- мактаблар, академик лицейлар, ҳарбий билим юртлари ва техникумларда 2 йиллик тўлиқ умумий ўрта таълим.
Олий таълим вазирининг барча ўринбосарлари лавозимидан олинди
Президент Шавкат Мирзиёев 9 сентябр кунги селекторда Олий таълим вазирининг уч нафар ўринбосари лавозимидан олинганини маълум қилди. Шунингдек, Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ва Инновацион ривожланиш агентлиги директорлари ҳам лавозимини тарк этди.
«Мактабгача ва мактаб таълимида ўзгаришлар бўляпти, дастурлар ишлаяпти, натижалар бор. Лекин касб-ҳунар ва олий таълимга масъул мутасаддилар ҳалигача таълимдаги ислоҳотлар мазмунини тўлиқ тушуниб етгани йўқ», деди Шавкат Мирзиёев.
Шу сабабли олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг барча ўринбосарлари – биринчи ўринбосар Шоҳрух Далиев, ўринбосарлар Отабек Маҳкамов ва Сарвархон Бузрукхонов ишдан олинди.
Чиройли авторақамларни аукцион орқали сотиш амалиёти бекор қилинади
2026 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси (ЎзРТХБ) тизимида ҳар қандай рақам белгиларини сотиш бўйича аукционлар, шунингдек, «чиройли» рақамларни оширилган ставкаларда бериш тартиби бекор қилинади.
Янги тартибга кўра, жисмоний ва юридик шахслар тўғридан тўғри электрон мурожаат асосида онлайн режимда узлуксиз равишда янгиланиб турадиган ягона очиқ маълумотлар базасида бўш турган исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларини танлаб олиши мумкин бўлади.
Пискентда ҳокимият президент қарорига зид тарзда футбол майдончасини сотиб юборди
Стадион жойлашган ер участкаси аукционда 10 йилга бўлиб тўлаш шарти билан 1,4 млрд сўмга сотилди. Аввалроқ имзоланган президент қарорида футбол стадион ва майдонларининг фойдаланиш мақсадлари ўзгартирилиши ва сотувга чиқарилиши тақиқланганди.
Ер участкаси Пискент тумани ҳокими Музаффар Ариповнинг 2025 йил 26 июлдаги тегишли қарори билан аукцион орқали сотувга чиқарилган.
Сотилган ер участкасининг умумий майдони 10,2 сотихни ташкил этади. Харидор белгиланган суммани 120 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятига эга.
Андижоннинг Бўстон тумани ҳокими икки ўринбосари пора билан ушланди
Инвестиция ва қишлоқ хўжалигига масъул ўринбосарлар ўзаро тил бириктириб, 65 млн сўм пора олганликда айбланмоқда. ДХХ хабарига кўра, улар фермер хўжалигининг 500 минг долларлик экспорт режасини фиктив операциялар билан ёпиб бермоқчи бўлган. Ҳозир улар ҳибсда.
Мавзуга оид
22:53 / 10.02.2026
Олмалиқдаги мактабда бахтсиз ҳодиса ва тадбиркорга норасмий бандликни бартараф этиш муҳлати – маҳаллий дайжест
21:45 / 06.02.2026
«Амир Темур ойлиги» ва сенаторнинг империяпараст чиқишларга муносабати – маҳаллий дайжест
21:56 / 05.02.2026
Хусусий боғчаларга имтиёзлар, жарима ўрнига огоҳлантириш ва исломий банк қонуни - маҳаллий дайжест
21:48 / 04.02.2026