Авто | 19:07 / 10.09.2025
33324
2 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors 8 та янги модел чиқаришни режалаштиряпти

UzAuto Motors бош директори Янош Ковачга кўра, компания яқин вақтларда 8 та янги модел чиқаришни мўлжаллаяпти. Бунда асосий эътибор SUV сегментини кенгайтиришга қаратилади.

UzAuto Motors яқин келажакда автомобил бозорига саккизта янги модел чиқаришни режалаштиряпти. Бу ҳақда компания бош директори Янош Ковач «Шерзодхон Қудратхўжа билан…» лойиҳасига берган интервьюсида маълум қилди.

«Ўн беш йил олдин бу ерда ишлаганимда вазият бутунлай бошқача эди. Ҳозир бозор анча диверсификациялашган. Хитой ва Корея машиналари кириб келмоқда. Янги бренд ва моделлар пайдо бўляпти. Бу рақобат биз учун қийинчилик туғдирса-да, харидор учун фойдали», — деди Ковач.

Шунингдек, UzAuto Motors бош директори ҳам ички бозорда ҳам экспортда рақобат кучайиб бораётгани, электромобилларга талаб ошганини таъкидлаб ўтди.

«Рақобат нафақат ички бозорда, балки экспортда, масалан, Қозоғистон, Озарбойжон ва бошқа мамлакатларда ҳам кучайган. Ҳар бир компания харидор учун курашмоқда. Шунинг учун биз ҳам стратегиямизни ўзгартиришимиз, BYD, Kia, Hyundai, Haval каби компаниялар билан рақобатлашишга тайёр бўлишимиз керак ва бу биз учун катта чақириқдир», — деди у.

Ковачнинг қўшимча қилишича, UzAuto Motors яқин йилларда ўз моделлари қаторида, айниқса, SUV сегментини кенгайтиришни режалаштиряпти.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид