Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
12 йиллик таълим, ягона давлат имтиҳони ва мактаб маслаҳатчилари – селекторда нималар муҳокама қилинди?
Мактабгача тайёргарлик йили бошланғичга киритилиб, 12 йиллик умумий ўрта таълим жорий этилади. Ҳар бир мактабда тўгаракларни ташкил қиладиган маслаҳатчилар бўлади. Мактабни битириш, олий таълимга кириш ва фанлар бўйича сертификат олиш имтиҳонлари бирлаштирилиши кутилмоқда. Давлат раҳбари бошчилигида ўтган таълимга оид йиғилишда шу каби масалалар муҳокама қилинди. Kun.uz селектордаги айрим муҳим янгиликларни шарҳлайди.
Мактаб 6 ёшдан: Ўзбекистонда 12 йиллик умумий таълим тизимига ўтилади
9 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактабгача таълим ва мактаб таълими соҳасига оид видеоселектор йиғилишида умумий ўрта таълим 12 йиллик тизимга ўтиши муҳокама қилинган.
Бу ҳақда собиқ мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари, ҳозирда Олий таълим вазирнинг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов маълум қилди. Қайд этилишича, 12 йиллик таълимга ўтиш халқаро стандартлар билан боғлиқ: 2022 йилги PISA маълумотларига кўра, юқори натижаларга эришган мамлакатларнинг 85 фоизи 12 йиллик мактаб таълимига эга.
Бунда 6 ёшли болалар учун мактабга тайёргарлик йили бошланғич таълимга киритилади. Тизим уч босқичдан иборат бўлади:
1 йил тайёргарлик ва 4 йил бошланғич мактаб;
5 йиллик асосий умумий ўрта таълим (5–9-синфлар);
мактаблар, академик лицейлар, ҳарбий билим юртлари ва техникумларда 2 йиллик тўлиқ умумий ўрта таълим.
Мамлакатда 3,6 мингта мактаб ва 1 мингдан ортиқ давлат боғчалари ташкил этилиши, уларда болалар янги тайёргарлик дастуридан ўтиши айтилмоқда. Янгиликларда бу тизим айнан қачон ишлай бошлаши ҳақида сўз бормаган. Жараёнда таълим муассасаларида дефицит юзага келиши қанчалик инобатга олингани ҳам номаълум.
Мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилади
Ўзбекистондаги давлат мактабларида мактаб маслаҳатчилари ишлай бошлайди. “Келажак” марказларининг умумий ўрта таълим ташкилотларидаги вертикал тизимини жорий этиш ҳамда ўқувчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида шундай лавозим бўлиши таъкидланди. Маслаҳатчилар ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишига қараб, тил, касб, муҳандислик, ижод, санъат ва спорт тўгаракларини ташкил қилади.
Унинг маоши умумий ўрта таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозим маошига тенглаштирилади, менежерлик сертификатига эга бўлган мактаб маслаҳатчиларига ҳар ойлик 30 фоиз миқдорида қўшимча устамалар тўланади.
Мактабларда ўқувчиларнинг портфолио базаси шакллантириладиган erp.портфолио платформаси яратилади. У мактаб маслаҳатчилари томонидан юритилади ҳамда 2028–2029 ўқув йилидан мактаб шаҳодатномаларида қайд этилади.
Президент: “Ўқитувчилар маошини минг долларга етказамиз деган гапларим ҳақиқатга айланди”
Шавкат Мирзиёев 9 сентябр куни таълим соҳасидаги селекторда ўқитувчилар маоши минг долларга етганини айтди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ўтган даврда ўқитувчиларнинг ойлигига қўшимча 10 дан зиёд устамалар жорий қилинган.
“Эътибор беринг, бугун ўз устида ишлаган 60 мингдан ортиқ ўқитувчи 10-12 миллион сўм маош оляпти. Бу қачон бўлган?” – деди президент.
Жорий ойдан бошлаб мактаб директорлари, боғча мудиралари ва уларнинг ўринбосарлари ойлиги ҳам 10 миллион сўмдан ошди. Янги баҳолаш тизимига ўтган 1,5 минг мактабнинг 300 таси ижобий натижа кўрсатгани учун бутун жамоаси 40 фоизгача устама олади.
“Мен халқимизга вақти келиб ўқитувчиларнинг маошини минг долларга етказамиз деган гапларим мана, уч йил ичида ҳақиқатга айланди”, – деган Шавкат Мирзиёев.
Боғча тарбиячилари ишлаб туриб, бакалавр даражасини олиши мумкин бўлади
Маълум қилинишича, бу йил ёзда 118 минг тарбиячининг малакаси оширилган, лекин бу етарли эмас. Шу сабаб ўрта махсус маълумотга эга тарбиячилар учун педагогика олийгоҳларида бакалавриатнинг алоҳида шакли жорий этилади: тарбиячи “1+5” шаклида ҳафтада 1 кун ўқиб, 5 кун ишлайди. Бу орқали боғчаларга ҳар йили қарийб 10 минг олий маълумотли мутахассис кириб келади.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, хусусий боғча билан давлат боғчаси учун таълим-тарбия сифати бўйича ягона ёндашув йўқ. Шу муносабат билан келгуси йилда ҳар бир вилоятда боғча тарбиячилари педагогик маҳоратини оширишга методик кўмаклашувчи таянч “Янги авлод” боғчалари барпо қилинади.
Мутасаддиларга “Янги авлод” боғчаси лойиҳасини эски ва бир хил ёндашувлардан чекиниб, янгича ишлаб чиқиш топширилди.
Касбий таълим агентлиги очилади
Президент ҳокимларга келаси йил 9-синф битирувчиларининг камида 50 фоизини техникумларга қамраб олиш топшириғини берди. Касбга ўргатишда Хитой тажрибасини жорий этиш учун ҳар бир вилоятда 2 тадан “Ўзбекистон–Хитой устахонаси” очилади. Тил ўргатиш учун юздан ортиқ хитойликлар таклиф этилади.
“Бизда 450 минг ўқувчини қабул қила оладиган 598 та техникум бор. Бу ёшлар учун жуда катта ресурс, шароит ва имконият. Лекин бу йил 9-синфни 608 минг ўқувчи битирган бўлса, уларнинг атиги 182 минг нафари техникумларга боряпти. Бугундан бошлаб бир йил ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлади”, – деди президент.
Мутасаддилар зиммасига вилоят ва туман ҳокимлари билан биргаликда Президент ва ихтисослашган мактабда орттирилган тажриба асосида жорий йилда 598 та техникумга халқаро стандарт бўйича замонавий касбга ўқитиш муҳитини олиб кириш вазифаси қўйилди.
Бу ишларни олиб бориш учун Касбий таълим агентлиги ташкил қилинадиган бўлди. Мутасаддиларга йил якунигача янги агентлик билан биргаликда тармоқлардаги корхоналар учун керакли касблар кесимида стандарт ва талабларни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
Таълимда ягона давлат имтиҳони жорий этилиши мумкин
Селекторда таълимда ягона давлат имтиҳони тизимини халқаро аккредитациядан ўтказиш орқали амалиётга жорий этиш таклифи ҳам берилган. Қайд қилинишича, айни пайтда ўқувчилар 3 марта имтиҳон топширяпти: мактаб битирув имтиҳони, олий таълимга кириш имтиҳони, фанлар бўйича сертификат олиш имтиҳони. Мазкур имтиҳонларни бирлаштириш йўли билан ягона давлат имтиҳони (ЯДИ) топширишга ўтиш ва жараённи соддалаштириш режа қилиняпти. Бу ўқувчиларнинг вақти ва ота-оналарнинг моддий ресурсларини тежашга ёрдам бериши кутилмоқда.
Россиянинг ягона давлат имтиҳонига (Единйй государственнйй экзамен — ЕГE) ўхшаш тизимни жорий этиш аввал ҳам таклиф қилинган эди. Бироқ жараён ҳали якунига етказилмаган.
Президент мактаб таълими бўйича топшириқлар берди
Ихтисослашган мактаблар
Йиғилишда айтилишича, 3 йил ичида иқтидорли ўқувчилар учун 201 та ихтисослашган мактаб ташкил қилинди. Лекин 12 та ихтисослашган мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳалигача якунланмаган. Тегишли вилоятлар ҳокимларига ишларни йил охиригача якунига етказиш топшириғи берилди.
Ахборот технологиялари
Ўтган йилдан бошлаб 1-синфларда ахборот технологиялари дарслари йўлга қўйилди. Кейинги ўқув йилидан юқори синфлар учун сунъий интеллект бўйича дарслар киритилади.
Бунинг учун 2 мингта синф хонасига компютер, 6300 та интерфаол доска керак. Бу мақсадларга зарур маблағларни кейинги йил давлат бюджетида назарда тутиш топширилди.
Иқтидорли ўқувчиларга шароит яратиш учун вилоятларда ахборот технологияларига ихтисослашган Ал-Хоразмий, муҳандислик бўйича Мирзо Улуғбек, табиий фанлар йўналишида Ибн Сино мактаблари филиаллари ташкил этилади.
Энди уларнинг барчаси ҳудудлардаги техника олийгоҳларига номма-ном бириктирилади. Яхши натижага эришган битирувчилар ушбу олийгоҳларнинг 2-курсига қабул қилинади.
Олимпиадалар
2026 йилда мактаб ўқувчилари ўртасида энг нуфузли иккита – халқаро кимё ва информатика олимпиадалари Марказий Осиё давлатлари ичида илк бор Ўзбекистонда бўлиб ўтади.
Бош вазирга Тошкентда ушбу олимпиадаларни юқори савияда ўтказиш учун барча ташкилий масалаларни назоратга олиш топширилди.
Рақамлаштириш
Мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш, боғча тарбияланувчилари давомати ҳалигача рақамли платформага тўлиқ ўтмаган. Микроҳудудлар аниқ белгиланмагани учун 144 та тумандаги 8 мингта мактабда ўқувчилар эскича тартибда қабул қилинмоқда, боғчаларда ходимлар табели қоғозда юритиляпти.
Мутасаддиларга йил якунигача 144 та тумандаги мактабларнинг микроҳудудини аниқ белгилаш топширилди. Кейинги ўқув йилигача мактаб ва боғчалардаги барча хизматлар тўлиқ рақамли форматга ўтиши шартлиги қайд этилди.
Мавзуга оид
11:30 / 04.12.2025
Ўзбекистонда таълим олаётган хорижликлар: энг кўп Ҳиндистон ва Туркманистон фуқаролари
10:40 / 04.12.2025
Мактаб ва боғчалар қурилишини молиялаштириш маҳаллий бюджетларга ўтказилади
16:33 / 29.11.2025
Ўзбекистон ОТМда бизнес-таълимга AMBA аккредитацияси жорий этилади
22:23 / 23.11.2025