Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
SAT сертификати борлар грантда ўқийди, Намангандаги мудҳиш ҳодиса ва жабрланаётган болалар – маҳаллий дайжест
Битирувчи синфларда ягона давлат имтиҳони жорий қилинади. Тошкент шаҳри ва вилоятидаги иссиқлик электр станцияларида чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилади. Тошкентда Япония касб-ҳунарга ўқитиш маркази очилади. Наманганда поезд енгил машинани уриб юбориши оқибатида 6 киши ҳалок бўлди. Ўтган 8 ой ичида 3 мингга яқин бола турли жиноятлардан жабрланди. Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
САТ имтиҳонида 1200 дан юқори балл олганлар қўшимча давлат грантига қабул қилинади. Бу ҳақда Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Олий таълим ташкилотларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги янги низомга кўра, қуйидаги 3 та халқаро сертификат олган абитуриентларга имтиёзлар белгиланди:
1) “A level” сертификати (“В” ва ундан юқори даража) — базавий тўлов-контракт асосида қўшимча равишда ўқишга қабул қилинади;
2) “International Baccalaureate” сертификати (32 ва ундан юқори балл) — базавий тўлов-контракт асосида қўшимча равишда ўқишга қабул қилинади;
3) “Scholastic Aptitude Test - SAT” халқаро имтиҳони (энг юқори баллнинг 75 фоизи - 1200 балл ва ундан юқори) — қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Бу имтиёз сертификат берилган фан кириш имтиҳонлари таркибида мавжуд бакалавриат таълим йўналишларига тааллуқли бўлади.
Битирувчи синфларда ягона давлат имтиҳони жорий қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида соҳа ходимлари билан мулоқот қилди.
Давлат раҳбари мактаб таълимида яна бир қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилишини таъкидлади.
Жумладан, ўқишни мактабда давом эттириб, олийгоҳга кириш истагида бўлган ёшларга фанлар танлов асосида чуқурлаштириб ўтилади.
Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб, 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳони жорий қилинади. Якуний имтиҳон натижалари билан битирувчилар техникум ёки олийгоҳга кириш имкониятига эга бўлади.
Тошкент шаҳри ва вилоятидаги иссиқлик электр станцияларида чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилади
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда вазирлик ва идоралар билан бирга ишчи гуруҳ тузилиб, саноат, иссиқлик ва электр энергияси корхоналари, иссиқхоналар ва атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқарадиган бошқа объектлар фаолияти ўрганилмоқда.
Ўрганишларда Тошкент шаҳри ва вилоятида 9 та иссиқлик маркази ҳамда 1 та ИЭС (Тошкент ИЭС) филтрлар мавжуд бўлмаса-да, 262 минг тонна мазут ёқилғисидан фойдалангани аниқланган. Оқибатда атмосферага ташланма миқдори 7 минг тоннани ташкил қилган.
Қайд қилинишича, иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик марказларини чанг-газ тозалаш ускуналари (филтр) билан жиҳозлаш бўйича 2025–2028 йилларга мўлжалланган дастурнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига оид қисми қайта кўриб чиқилади: иссиқлик электр станцияларида чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилади ва мавжудлари таъмирланади.
Наманганда поезд енгил машинани уриб юбориши оқибатида 6 киши ҳалок бўлди
Чортоқ туманидаги темирйўл кесишмасида поезд Gentra’ни уриб юборди. Бахтсиз ҳодиса 13 сентябр куни Чортоқ ва Уйчи бекатлари ўртасидаги қўриқланмаган темирйўл кесишмасида содир бўлган.
Таъкидланишича, Gentra ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини «қўпол равишда бузган ҳолда», яқинлашиб келаётган поезд олдидан темирйўлни кесиб ўтишга уринган.
«Ўзбекистон темирйўллари» АЖ машинада олти киши: беш аёл ва кичик бола бўлгани, кучли тўқнашув оқибатида машинада ҳеч ким омон қолмагани ҳақида хабар берди.
Тошкентда мактаб ўқувчиси жанжал вақтида пичоқланди
11 сентябр куни тахминан соат 22:30 ларда Миробод тумани Қўйлиқ мавзеси 2-уй олдида 2005 йилда туғилган икки фуқаро ўзларига нотаниш бўлган йигитлар билан оғзаки тортишиб қолган.
Шундан сўнг йигитлар ўзаро уришиб кетишган ва унда вояга етмаган мактаб ўқувчиси бошқа бир йигитга ўткир тиғли жисм билан тан жароҳати етказган. Оқибатда жароҳатланган бола шифохонага ётқизилган, унинг соғлиғи шифокорлар назоратида.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (“безорилик”) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу ҳодиса фонида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ўтган 8 ой ичида жиноят натижасида жабрланган болалар ҳақида маълумот бўлишди.
Унга кўра, 2025 йил январ-август ойларида вояга етмаган 2872 нафар шахс турли жиноятлардан жабр кўрган, шундан 1225 нафари (42,7 фоиз) 12 ёшгача бўлган болалардир.
Таҳлилларга кўра, уларнинг 1475 нафари ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 956 нафари унча оғир бўлмаган, 284 нафари оғир ва 157 нафари ўта оғир жиноятлардан жабрланган.
Мавзуга оид
21:02 / 12.12.2025
«Метан заправка»ларда чекловлар ва Фарғона водийсига кўчма контейнерда газ – маҳаллий дайжест
21:54 / 11.12.2025
Уй-жой ва автомобил савдосида нақд пулдан воз кечилиши ва инсон аъзолари савдогарларига жазо – маҳаллий дайжест
22:32 / 10.12.2025
800 та пахта териш машинаси ва Пискентдаги дарахткушлик – маҳаллий дайжест
22:46 / 05.12.2025