Ўзбекистон | 22:59 / 25.09.2025
4913
5 дақиқада ўқилади

Қишлоқ мактаблари учун янги лойиҳа ва Тошкент вилояти боғчаларида оммавий заҳарланиш – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Гулнора Каримовадан мусодара қилинган маблағлар қишлоқ мактабларини янгилашга йўналтирилади

БМТ шафелигидаги «Ишонч» жамғармаси «Мактабларда иқлим ўзгаришига чидамлилик ҳамда сув таъминоти, санитария ва гигиенани (SSG) моделлаштириш» лойиҳасига 20 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишини эълон қилди. Лойиҳа расман 2025 йил 1 октябрда ўз ишини бошлайди. Эслатиб ўтамиз, жамғарма Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган пулларини қайтариш (реституция) жараёнини назорат қилиш учун ташкил этилган.

Лойиҳада Ўзбекистон бўйича камида 45 та қишлоқ мактабини таъмирлаш, мактабларда энергия сарфини 30 фоизга ва димланган газлар чиқиндиларини 50 фоизга камайтириш учун хавфсиз сув, замонавий санитария, ишончли иситиш тизимлари ва экологик тоза энергия билан таъминлаш кўзда тутилган.

Тошкент вилояти боғчаларида оммавий заҳарланиш юз берди

Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги қатор боғчаларда болалар заҳарлангани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. 24 сентябр куни давлат боғчалари тарбияланувчилари шифохоналарга тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниши ва ич кетиши шикояти билан мурожаат қилган. Ҳолат нечта боғчада кузатилгани ва қанча бола жабрлангани ҳақида маълумот берилмади.

Бемор болаларга зарур муолажалар амалга оширилган, шу куннинг ўзида уларнинг аксариятига соғлиғи яхшилангани туфайли уйларига жавоб берилган, оғир аҳволдаги беморлар аниқланмаган.

Ҳолат юзасидан 25 сентябр куни Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят Кодексининг 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мактаб ўқитувчиларидан B2 тил сертификатини талаб қилиш муддати 2026 йилгача узайтирилди

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи билан мактабларда хорижий тил ўқитувчиларидан камида B2 даражадаги тил сертификатини талаб қилиш муддати 2026 йилгача узайтирилди.

Қайд этилишича, умумий ўрта таълим мактабларида фаолият олиб бораётган барча чет тили ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги талабини сақлаб қолган ҳолда, истисно тариқасида, амалда фаолият олиб бораётган ва талаб даражасидаги сертификатга эга бўлмаган педагоглар 2025 йил якунига қадар (жорий ўқув йилининг 1- ва 2-чораги давомида) ишини давом эттириши мумкин.

Энди чет тили ўқитувчиларидан йил якунига қадар чет тили бўйича миллий ҳамда халқаро сертификат имтиҳонларида иштирок этиши тўғрисида тилхат олинади.

«Навоийазот» заводининг аммиак цехи фаолияти суд қарори билан вақтинча тўхтатилди

Экология вазирлиги хабарига кўра, Навоий шаҳри ва Кармана тумани атрофидаги атмосферага салбий таъсир кўрсатувчи 22 та корхона ёки цех фаолиятини тўхтатиш юзасидан иқтисодий судларга даъво аризалари киритилган. Мазкур даъво аризаларидан 20 таси Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилиб, 19 таси қаноатлантирилган.

Жумладан, суд қарори билан «Навоийазот» заводининг 23-цехи (аммиак) фаолияти вақтинча тўхтатилган. Шунингдек, Кармана туманида жойлашган «Согда кимё завод»ига қарашли учта цех фаолиятига ҳам Кармана туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига асосан вақтинча чек қўйилган.

Рейд тадбири давомида 92 та ноқонуний, яъни қўлбола усулда қурилган оҳак пишириш хумдонлари аниқланиб, тегишли ташкилотлар иштирокида тўлиқ буздирилган.

Кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларни ноқонуний бетонлаштирганлар жазоланади

Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида атроф-муҳит, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Қонун лойиҳаси билан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш чораларини кўрмаганлик ва ободонлаштириш ишларини амалга оширмаганлик, кўп квартирали уйга туташ тупроқ ва яшил қопламали ер участкасини ўзбошимчалик билан бетонлаштирганлик ҳамда аҳоли пунктлари ва шаҳар марказларида олдиндан мавжуд бўлган ариқлар, ирригация тизимларини ўзбошимчалик билан кўмиб ташлаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.

Ўрмон фонди ерларини қонунга хилоф равишда бериш ва уларда бино-иншоотлар ва иморатларни қуриш учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид