Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Ғарбий соҳил аннексиясига йўл қўймасликка ваъда берди
АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилнинг Иордан дарёси Ғарбий соҳилини аннексия қилиш режаларини танқид қилди ва бунинг олдини олишга ваъда берди.
АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилнинг Иордан дарёси Ғарбий соҳилидаги ишғол қилинган ҳудудларни аннексия қилишини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди. Америка етакчиси 25 сентябр, пайшанба куни Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот брифингида шундай ваъда берди.
«Исроилнинг Ғарбий соҳилни қўшиб олишига йўл қўймайман. Йўқ, мен бунга йўл қўймайман. Бундай бўлмайди», — дея АҚШ президентининг сўзларидан иқтибос келтиради NBC News.
Икки лидернинг брифинг олдидан бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан бу мавзуни муҳокама қилганми, деган саволга, АҚШ президенти: «У билан гаплашдимми ёки йўқми, Исроилнинг Ғарбий соҳилни қўшиб олишига рухсат бермайман, етарли, тўхташ вақти келди», деб жавоб берди.
Бу масалани муҳокама қилиш бир қанча Ғарб давлатлари — Франция, Буюк Британия, Канада ва Австралиянинг Фаластинни давлат сифатида тан олишини эълон қилиши фонида бошланди.