Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Никоҳ шартномаси тарғиботи ва скутер учун ҳайдовчилик гувоҳномаси – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Президент никоҳ шартномаси тузиш афзалликларини тарғиб қилиш кераклиги ҳақида гапирди
Никоҳдан ажралишда тарафлар, айниқса, фарзандлар оғир моддий аҳволга тушишининг олдини олиш учун никоҳ шартномаси тузишнинг афзалликларини тарғиб қилиш лозим. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 14 октябрдаги йиғилишда таъкидлади.
Йиғилишда маҳаллалардаги ижтимоий муҳит ва ёшлар тарбияси бўйича ечим топилиши керак бўлган бир қатор масалалар кўрсатиб ўтилди.
Масалан, йил бошидан 32 мингга яқин оила ажрашиб кетгани, 16 минг ота-она алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётгани, оиласи ва болаларини кредит қарзлари билан ташлаб кетиш ҳолатлари учраётгани, яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг салбий оқибатлари барчани – ҳокимлар, «маҳалла еттилиги», кексалар, бутун жамоатчиликни қаттиқ ташвишга солиши кераклиги қайд этилди.
Скутер учун ҳайдовчилик гувоҳномаси ва рўйхатдан ўтиш мажбурий бўлди
1 октябрдан бошлаб мопед ва скутерни фақат А тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси билан бошқариш мумкин. Бунда транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилиши ва давлат рақами бўлиши шарт.
Янги талаблар йўлларда хавфсизликни ошириш, «авария»ларни камайтириш ва қоидабузарликнинг олдини олишга қаратилгани таъкидланмоқда.
«Заковат-Гамбит» шахмат чемпионати ўтказилади
Соврин жамғармаси 620 миллион сўмни ташкил этувчи турнирда иштирок этишни хоҳловчилар учун рўйхатдан ўтиш 14 октябр куни соат 23:59 гача давом этади. Унда Ўзбекистоннинг шахматга қизиқувчи фуқароси иштирок этиши мумкин.
«Заковат-Гамбит» шахмат чемпионати ҳар йили мунтазам ўтказиб келинади. Турнир саралаш, ярим финал ва финал босқичларидан иборат бўлади. 16 октябр куни иштирокчилар учун chess.com платформасида онлайн саралаш босқичи ўтказилади. 21 октябр куни турнирнинг ярим финали, 22-23 октябр кунлари эса финал босқичи ўтказилади.
Солиқлар вақтида тўланган маҳаллаларга «Ташаббусли бюджет»да қўшимча маблағ ажратилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Жорий йилдан бошлаб Солиқ қўмитаси ер ва мол-мулк солиқларини тўлаганлик даражасига қараб, «Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла» рейтингини эълон қилади.
Бунда 100 таликка кирган маҳаллага «Ташаббусли бюджет»нинг янги тизими бўйича инфратузилма харажатининг 75 фоизи бюджетдан тўлаб берилади. Шунингдек, ушбу маҳаллаларнинг ҳар бирига қўшимча 2 миллиард сўмдан ажратилади.
Маҳалла ҳудудида санитария, экология ва ноқонуний қурилиш бўйича жарималарнинг 10 фоизи маҳалла бюджетига йўналтирилади. Маҳаллалар бюджетига 2026 йилдан бошлаб ҳар йили 200 миллиард сўмдан ажратилади.
Солиқ қўмитаси «шубҳали» тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилишдан огоҳлантирди
Солиқ тўловчилар ўз контрагентларини (ҳамкорларини) танлашда лозим даражада эҳтиёткор бўлиши зарур, деб ҳисобламоқда Солиқ қўмитаси.
Идора «норасмий иқтисодий фаолият юритиб, шубҳали операцияларни амалга оширган 7522 та субъект»ни аниқлаган. Уларни веб-сайт орқали текшириш мумкин. Таъкидланишича, рўйхат мунтазам равишда янгилаб борилади.
Қайд қилинишича, жорий йилнинг ўзида фаолиятида шубҳали ҳолатлар кузатилган ва нақдлаштириш билан шуғулланган 902 та субъект аниқланган.
Таъкидланишича, агар контрагентда норасмий иқтисодий фаолият юритганлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, солиқ органлари айрим операцияларни эътиборга олмасликка ҳамда тўланиши лозим бўлган солиқлар суммаларини ўзгартиришга ҳақли. Бундай субъектлар билан ҳамкорлик қилиш солиқ тўлашдан бўйин товлаш сифатида қаралиши мумкин.
Мавзуга оид
22:46 / 05.12.2025
Янги энергетика қувватлари ва Гулистондаги портлашдан сўнг қамоққа олинганлар — маҳаллий дайжест
22:47 / 04.12.2025
Президент газ портлашида жабрланганлар билан учрашди ва 4,5 млн тонналик пахта режаси – маҳаллий дайжест
22:05 / 03.12.2025
Тошкентда тунги экорейдлар ва Гулистон бозоридаги фожиа – маҳаллий дайжест
23:11 / 02.12.2025