Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кредит оқибатлари ҳақида огоҳлантириш ва педофилнинг қўлга олиниши — маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Президент меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқишни буюрди
Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари фаолиятини янада ривожлантириш ва меҳнат муносабатларини яхшилаш бўйича келгуси вазифаларни муҳокама қилди.
Келгуси йилдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқишга Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссиясини (Касаба уюшмалари федерацияси, Бандлик вазирлиги, Иш берувчилар конфедерацияси) ҳам жалб қилиш таклиф қилинди.
Таъкидланишича, бу меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда ходимлар манфаатини кафолатли ҳимоя қилиш бўйича янгича ёндашув бўлади.
Рекламаларда кредит оқибатлари ҳақида огоҳлантириш берилади
Рақобат қўмитасига кўра, айрим кредит ташкилотлари томонидан агрессив маркетинг ва реклама орқали аҳоли ўртасида бундай молиявий хизматларнинг оммалашуви, натижада эса қарз юкининг кескин ўсиши кузатилмоқда.
Аксар ҳолларда бундай қарз маҳсулотлари реклама ва тарғибот материалларида аҳолининг эътибори уларни тез ва осон тарзда олиш имкониятига қаратилади. Бироқ бундай ёндашувлар қарз мажбуриятларининг келгусида келтириб чиқариши мумкин бўлган молиявий хатарлари тўғрисида етарлича маълумот бермаслиги оқибатида фуқаролар молиявий қийинчиликларга дуч келиши мумкин.
Шу муносабат билан, Рақобат қўмитаси томонидан Марказий банк билан ҳамкорликда хорижий давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда «Реклама тўғрисида»ги қонун 43-моддасига тегишли қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда.
Тошкентда метробус ҳаракатланадиган 10 та кўча номи маълум қилинди
Тошкент шаҳри ҳокимлиги автобуслар учун алоҳида ажратилган йўлаклар инфратузилмасини барпо этиш бўйича янгиланган режаларини тақдим этди.
Қайд қилинишича, умумий узунлиги қарийб 51 км бўлган 10 та йўналишда BRT (Bus Rapid Transit ёки метробус) тизими яратилади.
Ушбу ишларни амалга ошириш учун 126 млн доллар сарфлаш кўзда тутилмоқда. Автобусларнинг ўртача тезлиги 18 км/соатдан 23 км/соатгача ошиши, интерваллар эса 20 дан 8–10 дақиқагача қисқариши кутилмоқда.
Ўзбекистонда аёллар эркаклардан кўпроқ умр кўриши маълум бўлди
2025 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 90 ва ундан катта ёшдаги одам сони 18915 нафарни ташкил этди. Қайд қилинишича, узоқ умр кўрувчиларнинг 66,3 фоизини аёллар, 34,6 фоизини эркаклар ташкил этади.
Шаҳар жойларида узоқ умр кўрувчилар сони қишлоқларга қараганда кўпчиликни ташкил этади (шаҳарда – 56,5 фоиз, қишлоқда – 43,5 фоиз).
Ҳудудлар кесимида узоқ умр кўрувчилар сони Фарғона вилояти (2582 нафар) Тошкент шаҳри (2155 нафар), Қашқадарё вилояти (2011 нафар), Сурхондарё вилояти (1799 нафар) ва Тошкент вилоятида (1740 нафар) юқори.
Наманганда 7 ёшли қизни зўрлаган педофил ушланди
Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида 7 ёшли қиз ўз қариндоши бўлган катта ёшли эркак томонидан зўрланди. Маълум бўлишича, 1987 йилда туғилган Б.С. 2025 йил 14 октябр куни қизнинг номусига тегиб, воқеа жойидан яширинган. Эркак 2 кунлик қидирувдан сўнг қўлга олинган. Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судининг 2025 йил 16 октябрдаги ажрими билан унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди. Эркак бундан олдин ҳам номусга тегиш жиноятини содир қилиб, судлангани маълум бўлди.
Мавзуга оид
22:46 / 05.12.2025
Янги энергетика қувватлари ва Гулистондаги портлашдан сўнг қамоққа олинганлар — маҳаллий дайжест
22:47 / 04.12.2025
Президент газ портлашида жабрланганлар билан учрашди ва 4,5 млн тонналик пахта режаси – маҳаллий дайжест
22:05 / 03.12.2025
Тошкентда тунги экорейдлар ва Гулистон бозоридаги фожиа – маҳаллий дайжест
23:11 / 02.12.2025