Гўшт нархининг ошиши охирги йилларда ўзбекистонликларни энг кўп қийнаётган муаммолардан бири. Албатта, мулозимлар, амалдорлар, сердаромад аҳоли қатлами учун нарх ошиши сезилмаса керак, мен айтаётган гаплар мамлакатнинг асосий қисми — ўрта қатлам ҳақида. Қуйида гўш нархи ошиши нега оғриқли муаммо экани, бу ўзбеклар ҳаёт тарзини белгилаб берувчи энг асосий егулик экани ҳақида.

«Энг арзон гўшт бизда...»

Ҳозир сизларга параллел оламдаги бир хабарни айтиб бераман, миш-миш эмас, давлат идораси томонидан берилган расмий хабар. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги деб аталмиш сиз-у бизнинг солиқларимиз эвазига тузилган давлат ташкилотининг май ойидаги хабарида айтилишича, Тошкент бозорларидаги «арзонлаштирилган расталарда» қўй ва мол гўшти бир кг учун 65-75 минг сўмдан сотилаётган экан. Савдо расталарида 90-95 минг сўмдан, савдо марказларида 95-100 минг сўмдан гўш сотиларкан. Ва дунёдаги энг арзон гўшт сотиладиган давлатлардан бири биз эканмиз. Айтиб қўяй, май ойидан бери гўшт нархида кўп ўзгариш бўлгани йўқ.

Мен Тошкентга кўп бормайман, лекин пойтахтликлар ҳам «арзонлаштирилган гўшт расталари» деган сўздан ҳайрон қолишса керак. Ўзбекистоннинг оддий фуқароси сифатида биладиганим шуки, Тошкентда исталган нарса бошқа жойлардан қимматроқ, бунақа бўлиши табиий, пойтахтда пул кўп, нарх ҳам баландроқ «юради». Тошкентдаги гўшт нархи бизнинг қишлоқдаги гўшт нархидан икки баравар арзон бўлиши ақлга сиғадиган иш эмас камида.

Ва бояги хабарида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги негадир Россия, Швеция, Жанубий Корея каби давлатларда гўшт нархи биздан қиммат эканини санаб кетган. Жаноблар, биз ўзимизга жавоб берайлик, шведлар қаердан гўшт топиб ейишни ўзи ҳал қилиб олади.

Албатта, барчамиз бу нархлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини биламиз. Бизда вазирликлар негадир қайсидир муаммо ҳақида гапирганда уни ҳал қилишни эмас, «бу муаммо бошқа жойда биздан ҳам ёмонроқ эканини» гапиришга интилади. Энергетика вазирлиги ҳам Американинг қайсидир штатидаги блэкаутлар ҳақида ёзиб юради. Одамлар қаерда гўшт, электр неча пул эканини интернетдан, ўша давлатдаги танишларидан билиб олаверади, вазирликнинг вазифаси муаммони ҳал қилиш, бошқа давлатлар ҳақида маълумот бериш эмас.

Гўшт нархи қорамолга бериладиган озуқа нархи қимматлиги сабаб ошиб бораётгани кундай равшан. Масъул ташкилотлар мана шу муаммони ҳал қилиши керак. Мен мол боқиб катта бўлган йигитман, ёшлигимизда қишлоқдаги уйлар молсиз бўлмасди, ҳамма мол боқарди. Чунки сомон арзон эди, ем ҳам. Болалар даштда етаклаб мол боқарди. Ҳозир на мол боқадиган жой қолди, на арзон ем. Лекин шу туришда ҳам қишлоқлар ўзини ўзи эплаяпти, гўшт дўконлар қишлоқнинг ўзидан чиққан молларнинг гўшти билан тўла. Агар одамлар нарх-наво баланд, деб мол боқмай қўйса, вазият чидаб бўлмас даражага чиқади.