Технология | 19:11 / 21.10.2025
2691
2 дақиқада ўқилади

Unitree H2 — рақс тушадиган ва инсондек ҳаракатланувчи робот

Хитойнинг Unitree Robotics компанияси ўзининг янги одамсимон роботи — H2ʼни тақдим этди. Намойиш этилган видео робототехника оламида катта шов-шув келтирди. Сабаби — H2 нафақат юради, балки рақс тушади, жанговар ҳаракатларни бажаради ва табиий пластика билан ҳаракатланади.

Машина ва инсон ўртасидаги чизиқ йўқолмоқда

Намойишларда роботнинг силлиқ ва мувозанатли ҳаракати деярли инсонникига яқин. Бу эса экспертларни машина ва одам ўртасидаги фарқ тобора камаяётгани ҳақида ўйлашга мажбур қилди. Unitree муҳандисларидан бири:

“Биз инсонлар учун яратилган муҳитда эркин ҳаракатлана оладиган универсал платформа яратишга интиляпмиз. Ҳаракатларнинг табиийлиги бу — ҳамкорликнинг калити”.

Техник тафсилотлар

H2 — тўлиқ ўлчамли гуманоид: бўйи 180 см, вазни 70 кг. Ишлаб чиқувчилар уни югуришга ҳам қодир дея таъкидламоқда. Тўлиқ техник хусусиятлар ошкор қилинмаган бўлса-да, видеодан унинг аввалги моделдан сезиларли даражада ривожлангани кўриниб турибди.

Янги детал — бионик юз. Унинг функцияси сир тутилган, аммо кўриниши одамда илмий-фантастик филмларни эслатиб, бир вақтнинг ўзида қизиқиш ва хавотир уйғотади.

Мутахассислар фикрича, H2 бозорда пайдо бўлиши билан гуманоид роботлар сегментидаги рақобатни кучайтиради. Авваллари асосан АҚШ компаниялари устун бўлган бўлса, энди Хитой ҳам жиддий ўйинчига айланмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид