Ўзбекистон | 21:40 / 22.10.2025
4161
5 дақиқада ўқилади

«Ақлли шаҳар» тизими ва сохта рақамлардан қўнғироқларнинг блокланиши – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Йил якунигача барча шаҳар ва туманларда «Ақлли шаҳар» тизими жорий қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Унда қайд қилинишича, Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида сунъий интеллект асосида «Ақлли шаҳар» тизими ишга туширилди. Ситуацион марказ ташкил қилиниб, электр, газ, сув, иссиқлик таъминоти, бошқарув-сервис компаниялари, транспорт, йўл, ободонлаштириш ва чиқинди корхоналари ягона тизимга уланди. Ҳар бир йўналишдан келиб тушаётган мурожаатлар сунъий интеллект асосида таҳлил қилиниб, тезкор комплекс ечим бериш йўлга қўйилган. Шу орқали йилига 16 миллиард сўм тежалди.

Президент вилоят марказлари ва пойтахт туманларининг барча ҳокимларига Урганчдаги тажрибани ўрганиб, йил якунигача ўз ҳудудларида жорий қилишни топширди.

1 январдан туман ва шаҳар ҳокимликлари янги тартибда ишлайди

Президент фармонига мувофиқ, туман ва шаҳар ҳокимликлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Фармонга кўра, аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилиш тамойилини ҳаётга тўлиқ жорий этиш ҳокимликларнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

2026 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)» мақомидаги 33 та ҳамда Сурхондарё вилоятининг қолган барча туман (шаҳар) республика ижро этувчи ҳокимият органларининг белгиланган туман (шаҳар) бўлинмалари туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасига ўтказилади.

Тажриба-синов даврида ҳокимлар республика ижро этувчи органларнинг туман ва шаҳар бўлинмалари фаолияти устидан бевосита раҳбарлик қилади. Ҳоким ўринбосарларининг сони Сурхондарё вилоятида 6 нафар, бошқа туман ва шаҳарларда 4 нафар қилиб белгиланади.

Алоқа операторлари сохта рақамлардан қўнғироқларни блоклай бошлади

Анти-спуфинг тизими рақамнинг ҳақиқийлигини текширади: агар халқаро қўнғироқ аслида Ўзбекистон фойдаланувчисидан эмас, балки фақат маҳаллий рақам (+998 префикси) остида яширинган бўлса, тизим бундай қўнғироқни автоматик тарзда блоклайди.

Фирибгарлар сохта рақамларни бир нечта схемалар орқали қўллайди. Масалан, улар кўпинча хориждан қўнғироқ қилиб, ўзини ўзбекистонлик абонентнинг стационар рақами остида яширади – тизим бу мос келмасликни аниқлайди ва қўнғироқни блоклайди.

Фирибгарликдан ҳимоянинг бундай тизими барча абонентлар учун автоматик равишда, бепул фаоллаштирилган бўлиб, улардан ҳеч қандай қўшимча ҳаракат талаб қилинмайди. Ҳозирча тизим Beeline ва Mobiuz томонидан ишга туширилган.

Ўзбек ёшлари учун «Минг китоб» лойиҳаси дастлабки 27 та китобни тақдим этди

Жаҳондаги энг машҳур илмий-оммабоп китоблардан 27 таси «Ёшлар учун минг китоб» (1000KITOB) лойиҳаси доирасида ўзбек тилига ўгирилиб, кутубхоналарга тарқатилди. Ўзбек тили байрами арафасида тақдим этилган бу китоблар тўплами президент қарори билан амалга оширилаётган улкан маърифий лойиҳанинг дастлабки самараси бўлди.

Тўпламдаги китобларнинг 19 таси Оксфорд университетининг «Ўта қисқа таништирув» туркумига киради ва уларнинг шакли бир хил: одатдаги китобдан бироз кичикроқ. Китобларнинг аксариятида аслиятдаги муқова дизайни деярли ўзгармаган.

Китобларнинг ҳар бири 3 минг нусхадан, давлат буюртмасига асосан чоп этилган бўлиб, улар республика бўйлаб ахборот-кутубхона марказлари ва давлат олийгоҳларининг кутубхоналарига беғараз тарқатилган.

Қоидабузар ҳайдовчилар учун қатъий жазо чоралари таклиф қилинди

«Адолат» социал-демократик партияси йўлларда оғир қоидабузарлик содир этган ҳайдовчилар учун жазо чораларини кескин оширишни илгари сурди.

Партияга кўра, бу йўлларда хавфсизликни таъминлаш ва фуқаролар ҳаётини асрашда муҳим қадам ҳисобланади.

Партиянинг асосий таклифлари орасида қоидаларни мунтазам бузган ҳайдовчилар учун суғурта тўловларини ошириш орқали иқтисодий жавобгарликни кучайтириш, вояга етмаганлар ўлими билан боғлиқ ҳодисаларда жазони икки баробар кучайтириш ва таълим муассасалари атрофида тезликни назорат қилиш, тезликни сурункали оширган ҳайдовчилар учун транспортни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддатини узайтириш ва маст ҳолатда инсон ўлимига сабаб бўлганларни ҳайдовчилик ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилиш кабилар бор.

Муаллиф:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид