Аёллар дунёси | 17:18 / 02.12.2025
2933
3 дақиқада ўқилади

Қуруқ куз: ҳаво ўзгариши аёллар терисига қандай таъсир қилади ва қандай парвариш зарур?

2025 йилнинг кузи ҳаммани ҳайратга солди — одатдаги нам, ёмғирли кунлар ўрнига ўта қуруқ ҳаво, шамолли ва ҳақиқий маънода “намликни сўриб оладиган” даражада қуруқ келди. Бундай об-ҳавода нафақат табиат, балки инсон тана тузилиши ҳам қаттиқ реакция қилади. Энг биринчилардан бўлиб эса аёллар юзи ва териси зарар кўради.

Фото: Pexels

Иқлим терининг ҳолатига сезиларли таъсир кўрсатади. Қуруқ иқлим шароитида ҳаво намликни ўзлаштиради ва тери қуруқшаб кетади. Бу қичишиш ва ёрилишга сабаб бўлади. Бундай шароитда терига интенсив намлантирувчи парвариш керак. Бу вазиятда гиалурон кислотаси ва коллагенга бой косметика идеал танловдир. Чунки ҳавода намлик камайиши билан тери ўзининг табиий муҳофаза қатламини йўқота бошлайди.

Қуриган тери ўз эластиклигини йўқотаётгани учун ажинлар тезроқ кўринади. Бу қариш белгиларини кучайтиради, айниқса майда ажинлар чуқурлашиши тезлашади ва аниқ сезила бошлайди. Қуруқлик тери муҳофаза қатламини ёрилишга мойил қилади. Бундай терида тошмалар, доғлар, дерматит каби муаммолар пайдо бўлади.

Қуруқ шамолли иқлим (ҳозирги куз шароитида) асосий вазифа: терининг сув-ёғлилик баланси ва муҳофаза қатламини тиклаш. Унутманг, чуқур тозаловчи гел ва скраблар терини янада қуритади. Яхшиси тери учун ҳидсиз, сулфатсиз гелларни танлаш керак.

Қуруқ ҳавода намлантирувчи кремни икки марта суртиш ҳам нормал ҳисобланади. Ишлатаётган косметикангиз таркибида: гиалурон кислотаси, церамид, глицерин, авокадо ёғи бўлиши керак. Юзни ювганингиздан кейин дарҳол 1–2 дақиқа ичида крем суртиш — намликни кўпроқ сақлайди.

Қуруқ ва чангли ҳаво терида оксидатив стрессни кучайтиради. Бунда эса витамин C, витамин Е каби компонентлар ёрдам беради.

Терига энг кучли таъсир қилувчи омил — уй-офисдаги қуруқ ҳаво. Бунинг олдини олиш учун ҳаво намлагичдан фойдаланиш аллақачон урфга кирди. Агар сизда имкон бўлмаса хонадаги гулларга сув қуйиш, сувни очиқ идишга солиб қўйиш ҳам наф келтиради.

Шу ўринда тана териси парваришини ҳам унутмаслик керак, буни кўп аёллар эътибордан четда қолдиради. Қуруқ ҳаво қўллар, тирноқ атрофи, қовоқ, тизза ва тирсакларни ҳам қуритиб, дағаллаштириб юборади.

Бу йилги кузнинг ғайритабиий қуруқлиги аёллар терисига қўшимча юклама беради: намлик тез йўқолади, ҳимоя заифлашади, сезгирлик ошади. Аммо тўғри танланган парвариш воситаларидан фойдалансангиз, бунинг чораси осон.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид