Ўзбекистон | 22:24 / 29.10.2025
9045
5 дақиқада ўқилади

Кексалар учун туризм ва мактабда дарс соати тақсимоти янги тартиби – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистонда аҳоли кўпроқ валюта сотаётгани маълум бўлди

2025 йилнинг январ-сентябр ойларида Ўзбекистон ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган талаб ва таклифнинг бирдек ўсиши кузатилган. Бу ҳақда Марказий банкнинг ички валюта бозори шарҳида маълум қилинди.

Ҳисобот даврида хорижий валютага бўлган талаб 42,7 млрд долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23,5 фоиз кўп. Валюта таклифи эса (Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаганда) 34,4 млрд долларга етган. Бу 2024 йилга нисбатан 24 фоизга юқори.

Жисмоний шахслар банкларга 15,2 миллиард доллар сотди — бу ўтган йилга (11,8 миллиард) нисбатан 1,3 баравар кўп. Аҳоли томонидан валюта сотиб олиш 23 фоизга ошиб, 8,5 миллиард долларга етди (6,9 миллиард доллар эди).

Сўмдаги омонатлар ҳажми 23 фоизга ўсиб, 205 триллион сўмга етган. Иқтисодиётнинг долларлашув даражаси ҳам пасайган: валюта кредитлари улуши 41 фоиздан 37 фоизга, валюта омонатлари 26 фоиздан 23 фоизга қисқарган.

Ички туризмда кексалар учун ижтимоий чегирмалар пакети ишга тушади

1–30 ноябр кунлари “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида кекса авлод вакиллари учун жойлашиш, транспорт, музей ва зиёратгоҳ хизматларида махсус чегирмалар амал қилади. Ташаббуснинг мақсади — кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, дам олишини мазмунли ташкил этиш ва аҳолини ички туризмга янада жалб қилиш.

Имтиёзлар орасида республика бўйлаб меҳмонхона ва пансионатларда 20 фоизгача ихтиёрий чегирмалар, Uzbekistan Airways ички рейсларида чипталарга 15 фоизгача чегирма, темирйўл чипталари учун йўл ҳақининг тариф қисмига 20 фоиз чегирма, музей ва маданий мерос объектларига кириш чипталарига 10 фоизгача чегирма, “Вақф” фонди зиёратгоҳларига кириш учун 20 фоизгача чегирма бор.

Янги ўқув йилидан 9-синф битирувчилари техникумларда бепул ўқийди

Президент қарорига кўра, 2030 йилгача 9-синф битирувчиларининг техникумлар билан қамрови 29 фоиздан 50 фоизга, дуал таълим улуши эса 9 фоиздан 40 фоизга етказилади. 2026 йил 1 сентябрдан 9-синф битирувчилари техникумларда тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан ўқийди.

2026 йилдан бошлаб, болаларни эрта ёшдан касбга қизиқтириш тизими жорий этилади: 5 ёшдан — “Атрофимиздаги касблар” ўйинлари; 1–4-синфлар — “Касблар алифбоси”; 5–6-синфлар — “Касблар олами”; 7–9-синфлар — “Менинг келажакдаги касбим”.

2026 йил 1 сентябрдан: 9-синф битирувчилари — бепул (давлат бюджети ҳисобидан); 11-синфни битирган талабгорлар — тўлов-контракт асосида ўқийди.

Мактабларда дарс соатлари тақсимоти бўйича янги тартиб тасдиқланди

Янги тартибга кўра, соатлар ҳар йили 15 сентябргача ўқитувчилар ўртасида устуворлик кетма-кетлиги асосида тақсимланади.

Педагогик кенгаш заруратга кўра қайта тақсимлаш қилиши мумкин. Бошланғич синфларда соат беришда ўқитувчининг бошланғич таълим мутахассислиги ёки методикаси бўйича таълими инобатга олинади.

Дарс тақсимотида устуворлик кетма-кетлигига риоя қилинади. Мактаб маъмурияти дарс сеткасини шакллантиради, педагогик кенгаш 48 соат ичида кўриб чиқади. Тақсимот қарори 15 сентябрга қадар қабул қилиниб, ўқитувчиларга маълум қилинади. Ўқув йили давомида кадрларда ўзгариш бўлса, педагогик кенгаш қайта тақсимот қилиш ҳуқуқига эга.

Тошкентда тозалик бўйича рейдларда 3,5 минг тонна чиқинди чиқарилди

Тошкент шаҳрида тозаликни таъминлаш ва экологик меъёрларга риоя этилишини кучайтириш мақсадида кенг кўламли ишлар давом этмоқда. 15 октябрдан бошлаб Бош прокуратура ҳузурида марказий штаб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва туманларда эса ҳудудий штаблар ташкил этилди.

Ҳамкорликда олиб борилган рейдлар ва профилактик тадбирлар чоғида пойтахт ҳудудида чиқиндилар билан боғлиқ 13053 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди. Ҳуқуқбузарларга нисбатан амалдаги тартибда маъмурий чоралар кўрилди.

Шу билан бирга, 929 та махсус техника ва 7,9 минг ходим жалб этилган ҳолда 585 та маҳалла ҳудудида тозалаш ишлари амалга оширилди. Натижада 3,5 минг тоннадан ортиқ маиший ва қаттиқ чиқиндилар чиқариб олиниб, полигонларга жойлаштирилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид