Тошкент шаҳрида тозаликни таъминлаш ва экологик меъёрларга риоя этилишини кучайтириш мақсадида кенг кўламли ишлар давом этмоқда. 15 октябрдан бошлаб Бош прокуратура ҳузурида марказий штаб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва туманларда эса ҳудудий штаблар ташкил этилди.
Ҳамкорликда олиб борилган рейдлар ва профилактик тадбирлар чоғида пойтахт ҳудудида чиқиндилар билан боғлиқ 13 053 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди. Ҳуқуқбузарларга нисбатан амалдаги тартибда маъмурий чоралар кўрилди.
Шу билан бирга, 929 та махсус техника ва 7,9 минг ходим жалб этилган ҳолда 585 та маҳалла ҳудудида тозалаш ишлари амалга оширилди. Натижада 3,5 минг тоннадан ортиқ маиший ва қаттиқ чиқиндилар чиқариб олиниб, полигонларга жойлаштирилди.
Экологик маданиятни юксалтириш ва фуқароларда шаҳар муҳитининг тозалигига масъулият билан ёндашувни шакллантиришга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда. Масъул идоралар аҳолини белгиланган қоидаларга риоя қилишга, чиқиндиларни белгиланган тартибда чиқаришга ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга чақирмоқда.







