Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кузатилмайдиган иқтисодиётнинг ўсиши ва кўп қаватли уйларни таъмирлашга чорак триллион сўм – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Соядаги ва норасмий иқтисодиёт улуши ЯИМ учдан бир қисмига етди
Июль–сентябрь ойларида Ўзбекистонда расмий статистикада тўлиқ акс этмайдиган фаолиятлар йиғиндиси — кузатилмайдиган иқтисодиёт — миқдори яна ошди. Январь–сентябрь даври якунлари бўйича бу секторнинг ЯИМ улуши 33,3 фоизга етган, йилнинг биринчи ярмида 32,9 фоиз эди.
Кузатилмайдиган иқтисодиёт умумий қиймати - 433,67 трлн сўм (тахминан 36,17 млрд доллар). У икки асосий қисмдан иборат: норасмий сектор (хонадонлар ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган фаолият) - 333,82 трлн сўм, ЯИМ 25,6 фоизи. Соядаги сектор (қонунбузарлик ёки ҳисобдан яшириш элементи бор фаолият) - 99,85 трлн сўм, ЯИМ 7,7 фоизи.
Кузатилмайдиган иқтисодиётнинг катта улуши солиқ тушумлари ва бюджет имкониятларига таъсир қилади, меҳнат бозори статистикасида иш ўринлари ва иш ҳақи бўйича аниқ тасаввурни қийинлаштиради, ижтимоий ҳимоя қамровига таъсир кўрсатади (расмийлашмаган фаолият иштирокчилари пенсия-суғурта тизимларидан четда қолиши мумкин).
Иситиш мавсумида табиий газ бўйича базавий меъёр оширилади – эслатма
1 ноябрдан Ўзбекистонда иситиш мавсуми бошланади. Қонунчиликка кўра, аҳоли учун табиий газ истеъмолига тегишли базавий меъёр 5 баробарга оширилиб, 500 куб метрга етказилади. Амалдаги тартибга кўра, ноябрь - февраль ойларида ҳар бир ой учун 500 м³ гача, март - октябрда эса 100 м³ гача “базавий меъёр” амал қилади.
Куз-қиш мавсумида истеъмол юқори бўлган ҳудудлар ҳисобга олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида октябрдан февралгача ойлик меъёр 500 м³ қилиб қўлланади.
Шу билан бирга, 2025-2026 йилги иситиш мавсуми олдидан (ноябр ойида) ҳар бир эҳтиёжманд оилага 1 млн сўмдан моддий ёрдам ажратилади.
Кўп қаватли уйларни таъмирлашга чорак триллион сўмга яқин маблағ ажратилди
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида мамлакат бўйлаб 9 812 та кўп квартирали уйда таъмирлаш ишлари режалаштирилиб, молиялаштириш ҳажми 244 млрд сўмни ташкил этди. Уйларнинг томи, ертўласи, фасади, кириш йўлаклари ҳамда ички муҳандислик тармоқлари янгиланди.
Энергия тежамкор инфратузилма жорий этилмоқда: 1,5 мингта кодли темир эшик ўрнатилди, 14,6 минг кв м ойнаванд фрамуга янгиланди ва 70 мингга яқин энергия тежамкор чироқ қўйилди. Давлат дастурлари ва маҳаллий бюджетлар ҳисобига қўшимча 4 мингдан ортиқ уйда ҳам таъмир ишлари амалга оширилди.
Ўзбекистон бўйича 42 та маиший чиқинди полигони ёпилди
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиёт агентлиги ҳузуридаги дирекция республика бўйлаб полигонларни қисқартириш бўйича ишлар олиб борди. 2024–2025 йилларда жами 47 та полигонда рекултивация ва тупроқ қатлами билан ёпиш ишлари бажарилди, 42 тасининг фаолияти бутунлай тўхтатилди.
Агентлик ҳузуридаги Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси томонидан турли ҳудудларда маиший чиқинди полигонларини қисқартириш, рекултивация қилиш ва ерларни табиий ҳолатига қайтариш ишлари амалга оширилмоқда.
«Изоҳ қолдиринг, ютасиз» — киберфирибгарликнинг янги схемаси пайдо бўлди
Ижтимоий тармоқларда «ютуқли ўйин» ва «акция»лар ниқоби остида изоҳ қолдириш ёки ҳаволага ўтиш орқали қимматбаҳо совға ютиш таклифлари тарқалмоқда. Мақсад — фуқароларни ишонтириб, шахсий ва банк маълумотларини қўлга киритиш.
Масъул идоралар шубҳали саҳифаларни текширганда, бундай «акция»лар расмий манбаларда қайд этилмагани маълум бўлмоқда. Фуқаролардан текширилмаган ҳаволаларга кирмаслик, шахсий маълумотларни киритмаслик ҳамда шубҳали эълонлар ҳақида хабар бериш сўралмоқда.
Мавзуга оид
22:46 / 05.12.2025
Янги энергетика қувватлари ва Гулистондаги портлашдан сўнг қамоққа олинганлар — маҳаллий дайжест
22:47 / 04.12.2025
Президент газ портлашида жабрланганлар билан учрашди ва 4,5 млн тонналик пахта режаси – маҳаллий дайжест
22:05 / 03.12.2025
Тошкентда тунги экорейдлар ва Гулистон бозоридаги фожиа – маҳаллий дайжест
23:11 / 02.12.2025