Жаҳон | 22:15 / 01.11.2025
9466
8 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазода инсон ҳуқуқларини бузмоқда. Шунга қарамай нега АҚШ ҳарбий ёрдамни тўхтатмайди?

Давлат департаменти назорат идорасининг махфий ҳисоботида – Исроил ҳарбийлари инсон ҳуқуқларига оид АҚШ қонунларини Ғазода «юзлаб марта» эҳтимолий бузгани айтилади. Washington post'га изоҳ берган расмийларга кўра, агар бу ҳолат бошқа давлат билан кузатилса, ҳар қандай ёрдам дарҳол тўхтатилади. Исроил билан эса бу тартиб «бошқача ишлайди».

Артиллерия снарядларини текшираётган Исроил ҳарбий зобити / Фото: AFP

The Washington Post нашри ўз расмий манбаларига таяниб, АҚШ ҳукуматининг назорат идораси томонидан тайёрланган махфий ҳисоботнинг айрим тафсилотларини очиқлади. Унда айтилишича, Исроил ҳарбий бўлинмалари Ғазо секторида АҚШ инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунларини «бир неча юз марта» бузган бўлиши мумкин.

Давлат департаментининг Бош инспектор идораси (Office of Inspector General, U.S. Department of State) томонидан олинган бу хулосалар – Исроилнинг Ғазодаги жиноятлари миқёсини АҚШ ҳукумати даражасида илк бор тан олган ҳисоботдир. Ушбу ҳисоботга кўра, Исроилнинг ҳаракатларида АҚШнинг «Leahy қонунлари» доирасига кирувчи ҳолатлар сони жуда кўп.

"Leahy қонунлари" (Leahy Laws) – бу АҚШнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид федерал қонунлар мажмуаси. Улар АҚШ томонидан хорижий ҳарбий ва хавфсизлик бўлинмаларига ёрдам кўрсатишда ахлоқий чекловлар ўрнатади.

Фото: WP

Махфий ҳисобот тафсилотларини ошкор қилган АҚШ расмийларининг WP нашрига айтишича, назоратчи идора топилмалари Исроилнинг ҳаракатлари юзасидан ҳақиқий жавобгарлик бўлишига шубҳа уйғотган. Бунинг сабаби – жиноий ҳаракатлар сонининг жуда кўплиги ва текширув жараёни моҳиятан IDFга ён босувчи шаклда ташкил этилганидир.

«Мен хавотирдаман, чунки можаронинг шовқини пасайган сайин жавобгарлик унутилиб кетади», — деган илгари Давлат департаментида назорат идорасини бошқарган Чарлз Блаха.

Исроил бу қонунларни қандай бузган?

Исроилнинг Ғазодаги икки йиллик ҳарбий кампанияси, 2023 йил 7 октябрда Ҳамаснинг ҳужумидан кейин бошланган. Геноцидга айланган урушда Исроил қарийб 70 000 фаластинликнинг ўлимига сабаб бўлган. Бу ҳолат "Leahy қонунлари"нинг самарадорлигини синовдан ўтказди.

Ғазода ҳал этилишини кутаётган машҳур ҳодисалар сони кўп.

Исроил ракетаси тешиб ўтган World Central Kitchen ҳуманитар ташкилоти машинаси / Фото: AFP

Улардан айримлари: 2024 йил апрелида Исроил томонидан World Central Kitchen ташкилотининг етти ходимининг ўлдирилиши; 2024 йил февралида ёрдам юк машиналари атрофида тўпланган пайтда 100 дан ортиқ фаластинликнинг ўлдирилиши, яна 760 кишининг яраланиши ва бошқалар.

Ëрдам олишга тўпланган фаластинликлар

Байден маъмурияти ўтган йили бу икки воқеани Конгрессга тақдим этган ҳисоботда тилга олган. Бироқ АҚШ қуроллари бу жиноятларда ишлатилган ёки йўқлиги борасида ҳали «аниқ хулоса чиқарилмаган».

АҚШ ҳар йили Исроилга камида 3,8 миллиард доллар миқдорида ёрдам беради. Сўнгги йилларда эса бу ёрдам 3-4 баравар ошди. Хусусан, Ғазодаги уруши даврида, АҚШ Исроилга — қирувчи самолётлар, жанговар ва транспорт вертолётлари, бомба, ракета ва нишонга олиш тизимларидан иборат 21,7 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам берган.

Шу боис Исроил АҚШ ёрдамининг жами миқдори бўйича дунёда энг йирик ёрдам олувчи давлат ҳисобланади.

Нега унда Исроилга ёрдам тўхтатилмайди?

Нашрга аноним изоҳ берган АҚШ расмийларига кўра, махфий ҳисобот АҚШ ёрдамини олаётган хорижий ҳарбий кучлар томонидан инсон ҳуқуқлари бузилишларини текшириш тартибини тушунтиради. Исроил учун махсус ишлаб чиқилган бюрократик жараён мавжуд. У – Исроилга бошқа инсон ҳуқуқлари бузилишида айбланаётган мамлакатларга қараганда устунлик беради.

Фото: NYT

Бу тартиб – «Israel Leahy Vetting Forum» номи билан танилган. Унда АҚШнинг юқори лавозимли расмийлари иштирок этади ва у бошқа текширувларга нисбатан анча узоқ давом этади.

Давлат департаментининг собиқ амалдори Жош Полнинг айтишича, оддий ҳолатда, битта амалдорнинг эътирози ҳарбий бўлинмага ёрдамни тўхтатиш учун етарли бўлади. Аммо Исроил ҳолатида эса ишчи гуруҳ «инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши содир бўлганми ёки йўқми» деган масалада бир овоздан келишувга келиши керак. Бу ишчи гуруҳ таркибига АҚШнинг Қуддусдаги элчихонаси ҳамда Яқин Шарқ ишлари бюроси вакиллари киради. Бу икки идора эса доим Исроил манфаатларини ҳимоя қилади.

Шундан сўнг, Исроил ҳукумати ҳодиса юзасидан рухсат билан жалб этилади: ҳолат бўйича қандай чоралар кўрганини баён этишга чақирилади. Агар ишчи гуруҳ инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши содир бўлган деб хулоса қилса, у ҳарбий бўлинмани АҚШ ёрдамини олиш учун «номақбул» деб топишни тавсия қилади. Сўнгра бу тавсия бўйича Давлат котиби якуний қарорни тасдиқлаши керак бўлади.

Полнинг айтишича, бу мураккаб тизим "кутилган натижалар"ни келтириб чиқармоқда. «Ҳозиргача АҚШ аниқ далиллар бўлишига қарамай, ҳеч бир исроиллик ҳарбий бўлинмага ёрдамни тўхтатмаган», — деди у.

Оқ уй ва мустақил инспекторлар келишмовчилиги

Байден маъмурияти инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилишида айбланаётган исроиллик бўлинмаларга ёрдамни тўхтатмагани учун танқид остига олинган. Трамп маъмурияти ҳам Исроил мудофаа кучларига нисбатан шунга ўхшаш, «аралашмаслик» сиёсатини юритмоқда. Катта фарқи, у – аввалги маъмуриятлар каби «инсон ҳуқуқларини АҚШ ташқи сиёсатининг марказига қўямиз» деган баёнотларни такрорламаган.

Вайрон бўлган Ғазо харобалари / Фото: Иордания қуролли кучлари

«Бу масалада Байден маъмурияти билан Трамп маъмурияти ўртасида ҳеч қандай фарқни кўрмаяпман», деган собиқ инспектор Чарлз Блаха.

The Washington Post'нинг ёзишича, ҳокимиятга келганидан бери Трамп федерал ҳукуматнинг мустақил назоратчилари билан очиқ қарама-қаршиликка киришди. У президент томонидан тайинланган 17 нафар бош инспекторни ишдан бўшатди. Трамп бу ишдан бўшатишларни «жуда одатий иш» деб атаган ва назоратчилар «адолатсиз бўлган»ини айтган.

Бу эса тарихий нормаларни бузиш сифатида баҳоланди. Бош инспекторлар Вашингтоннинг улкан федерал бюрократияси назоратчилари ҳисобланади. Уларнинг вазифаси — исрофгарчилик, фирибгарлик ва суиистеъмолни аниқлаш ва тўхтатиш, америкалик солиқ тўловчиларнинг ўнлаб миллиард доллар маблағларини тежашдир.

Исроил ва АҚШ изоҳ бермади

Амалдаги Бош инспектор идораси ушбу мақола юзасидан WP нашрига изоҳ беришдан бош тортди. Бироқ ўзининг расмий веб-сайтида ҳисоботнинг мавжудлигини тан олди. «Ушбу ҳисобот махфий маълумотларни ўз ичига олади ва жамоатчилик учун кўриш имконияти мавжуд эмас», дейилади расмий саҳифада.

АҚШ давлат департаменти ва Исроил мудофаа вазирлиги ҳисобот бўйича нашрнинг изоҳ ва сўровларига жавоб бермаган.

Фото: AP

Мазкур ҳисобот Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳ битими имзоланишидан атиги бир неча кун олдин якунланган. 10 октябрь кунги битим натижасида тирик қолган исроиллик гаровдагилар озод қилинди, бунинг эвазига фаластинлик маҳбуслар қўйиб юборилди, Исроил қўшинларининг бир қисми чекиниб, урушдан вайрон бўлган Ғазога оз бўлса-да ҳуманитар ёрдамлар киритила бошланди.

Техник жиҳатдан сулҳ ҳали ҳам кучда бўлишига қарамай, 28 октябрь – сешанба куни бу келишув имзолангандан буён энг қонли кун бўлди. Исроил Ҳамас сулҳни бузганини баҳона қилиб, Ғазога яна ҳаво зарбаларини берди. Натижада камида 104 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид