Исроил томонининг иддаосига кўра, ЦАХАЛ ҳарбийлари ошпазлар конвойини ҲАМАС жангчилари бўлган юк машинаси билан адаштириб, нишонга олган. Хатони содир этганлар дрон операторлари бўлган. Исроил мудофаа армиясига кўра, гуманитар машинани нишонга олиб ўққа тутишга буйруқ берган офицерлар ишдан олинган.

Қизиғи, World Central Kitchen гуруҳи Ғазодаги ҳаракатларини Исроил армияси билан мувофиқлаштириб борганига қарамай, ЦАХАЛ зарбасига учраган. Ошпазлар Ғазога денгиз орқали етказилган 100 тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотларини Дайр ал Балаҳдаги омборхонага жойлаб қайтаётган бўлган. Исроил армияси томонидан отилган ракета машиналардан бирининг қоқ ўртасидан тешиб ўтган. Конвой ичида бўлган 7 нафар ошпазлар гуруҳининг барчаси вафот этган.

Исроил ракетаси тешиб ўтган World Central Kitchen гуманитар ташкилоти машинаси
Фото: AFP

Ғазо миссияси якунланди

Гуруҳ асосчиси бўлган бош ошпаз Хосе Андрес ғамдан адо бўлганини айтиб, Исроилни кимлигини ажратмай одам ўлдиришни бас қилишга чақирди. Ошпаз гуруҳ Ғазодаги миссиясини якунлашини эълон қилди.

«Бугун World Central Kitchen'даги бир нечта биродарларимизни йўқотдик. Ғамдан адо бўляпман. Уларнинг оила аъзоларига, ошхонамиз оиласига таъзия изҳор қиламан. Исроил ҳукумати бунақа одам ажратмай ўлдиришни бас қилиши керак. Улар тинч аҳоли вакиллари, гуманитар ташкилотлар аъзоларини ўлдиришни, озиқ-овқатдан қурол сифатида фойдаланишни тўхтатиши шарт.

Бу фаришталар... Ягона айби инсонларни овқатлантириш бўлган фаришталар... Мен улар билан Украинада, Ғазода, Туркияда, Марокашда, Баҳам оролларида, Индонезияда бирга хизмат қилдим. Улар номсиз инсонлар эмас, уларнинг номлари бор эди. Ҳаммасини ҳозироқ тўхтатиш керак. Тинчлик биз инсонийлик улаша бошлаганимизда бошланади», деб ёзди Хосе Андрес ўз саҳифасида жамоаси вакиллари ўлгани маълум бўлгач.

Ташкилот асосчиси Хосе Андрес ABC News телеканали эфирида

Қурбон бўлганлардан 4 нафари ошпаз ёрдамчилари, 3 нафари гуруҳнинг хавфсизлик ходимлари бўлган. Улар 25 ёшли фаластинлик Сайфиддин Иссам, 43 ёшли австралиялик Лазами Франком, 35 ёшли полшалик Дамиан Собол, 33 ёшли АҚШ ва Канада фуқаролигига эга Якоб Фликингре, 57 ёшли британиялик Жон Чапман, 33 ёшли британиялик Жеймс Ҳендерсон ва 47 ёшли британиялик Жеймс Кирби эди.