Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Миллат тақдирини ўзгартирган инсон – ўттиз йилда қашшоқликдан қутулиб, бой давлатга айланиш сири
Қашшоқ, табиий бойликларсиз, миллатлараро бўлиниш ичидаги Сингапур бор-йўғи 30 йилда дунёдаги энг ривожланган давлатлар сафидан жой олди. Ҳануз улар босиб ўтган йўлга мўъжиза сифатида қаралади. Бугун “5 дақиқа”да Сингапур етакчиси Ли Куан Юнинг “Учинчи дунёдан биринчи дунёга” асари ҳақида гаплашамиз.
1965 йил. Жаҳон харитасида янги давлат – Сингапур пайдо бўлди.
Бу давлат жуда қашшоқ, кичик бўлиб, олтин, нефт, газ, умуман шу каби табиий бойликлари йўқ эди. Аҳоли турли миллат ва тилларга бўлинган, иқтисод ўлган, ишсизлик авжида. Кўпчилик бу давлат мустақил бўлганидан сўнг уч йил ҳам яшамайди деган хулосага келганди.
Аммо Сингапурнинг ўша пайтдаги ҳукумат раҳбари Ли Куан Ю бу фикрни амалда инкор қилди. У китобида шундай ёзади: “Бизнинг энг катта бойлигимиз – одамларимизнинг онги ва меҳнати”.
Шу ишонч билан у Сингапурни 30 йил ичида учинчи дунёдан биринчи дунёга айлантирди.
Энг хавфли душман...
Ушбу китоб қуруқ, олди-қочди сиёсатга бағишланмаган. Унда ҳалол раҳбарлик, масъулият ва виждон билан кўп нарса қилиш мумкинлиги ҳақида гап боради. Асарда Ли Куан Ю ўз ҳаёти орқали мамлакатни қандай ислоҳ қилганини, қандай қарорлар унга қимматга тушганини, лекин натижа берганини ёзиб қолдиради.
Ли Куан Ю коррупцияни давлатнинг энг хавфли душмани сифатида кўрди. У агар раҳбар пора олса, бутун тизим чирийди деб ҳисоблаган. Ҳалоллик – сиёсий барқарорликнинг ягона кафолати эканини айтиб ўтади.
Шу мақсадда у Коррупцияга қарши мустақил бюро, ҳатто бош вазирнинг ўзи ҳақида ҳам текширув ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган ташкилот фаолиятини йўлга қўйди.
Ли Куан Ю давлат хизматчилари маошини хусусий сектор даражасига етказди, аммо ҳар қандай ноқонуний даромад учун оғир жазо белгиланди. Мансабдор пора талаб қилмасликка, бошқалар эса уни бермасликка ўрганди, одатланди.
Сингапурда бугун коррупция деярли йўқ даражада.
Жамиятга фикрлайдиган инсонлар керак
У таълим тизимини тубдан ислоҳ қилди: назарий билимдан амалий малакага ўтиш сиёсати бошланди.
Ли Куан Ю “Бизга амалий фикрлайдиган инсонлар керак эди”, деб ёзади. Шу боис, ҳар бир битирувчи иқтисод учун фойда келтирди.
Бундан ташқари, таълимдаги адолат принципига ҳам катта эътибор берди: ҳеч бир бола камбағаллик ёки миллати сабабли таълимдан четда қолмаслиги керак эди. Ҳар бир бола ўз иқтидорига кўра имконият олди.
(Оқ-қора фон: Каттаконнинг фарзанди, қариндоши, деган гаплар жамиятда имтиёз бермади).
Ли Куан Ю учун ўқитувчилик – фақат касб эмас, миллатнинг устуни эди. Ўқитувчига муносиб маош берилмаса, юрт келажаги хавф остида қолиши мумкинлигини айтиб ўтди. Жамиятда ўқитувчининг даражаси ошди.
Сингапур мўъжизасининг пойдевори
Китобда интизом – иқтисодий муваффақиятнинг асоси экани ҳақида гап боради. Ли Куан Ю жамиятдаги тартиб – эркинликнинг душмани эмас, балки унинг кафолати. Агар одамлар қонунга итоат қилмаса, демократик қадриятлар ҳам етарли самара бермайди, деб ҳисоблайди.
Қатъий жамоат тартиби ўрнатилди:
– кўчага чиқиндиларни ташлаш, жамоат жойларида одобсиз ҳаракатлар учун қаттиқ жарималар жорий этилди;
– хизматчилардан тортиб вазирларгача, барча фуқаролар учун бир хил қонун ишларди;
– кечикиш, ваъдабозлик, лоқайдлик каби ҳолатлар давлат идораларида йўқ даражада эди.
Унинг фикрича, тартиб нафақат жамоат жойларида, балки фикрлаш тарзида ҳам бўлиши керак. Шунинг учун мактаблардан бошлаб болаларга вақтини тежаш, масъулият ва жамоат мулкига эҳтиром каби қоидалар ўргатилган. Бу ғоя нафақат сиёсий ёки иқтисодий, балки маънавий ислоҳот ҳам эди.
Хулоса
“Учинчи дунёдан биринчи дунёга” китоби раҳбарлар, сиёсатчилар ва ислоҳотчилар учун жуда керакли асар. Бу китобдан фақат тарих эмас, раҳбарлик маданиятини ўрганиш мумкин. Унинг ҳар бир саҳифасида бир миллатнинг иродаси, бир инсоннинг виждони акс этган.
Ли Куан Ю бизга бир ҳақиқатни ўргатди: агар одам ўз мамлакати, халқини севса, унинг тақдирига бефарқ бўлмаса, у ҳатто қуёшсиз оролни ҳам ёруғ дунёга айлантира олади.
Исомиддин Пўлатов
Мавзуга оид
19:10 / 29.11.2025
“Кўринмас одам” - фан ҳаддидан ошганда нима бўлади?
12:29 / 22.11.2025
Катта шаҳарлардаги юраги кичкина одамлар
20:50 / 15.11.2025
Ақлли одамлар ҳам оммага қўшилганда фикрлаш қобилиятини йўқотади. Нега?
16:40 / 08.11.2025