Жаҳон | 23:07 / 08.11.2025
4378
2 дақиқада ўқилади

Исроил Нетаняҳуни ҳибсга олиш ҳақидаги Туркия ордерини «пиар» деб атади

Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Истанбул бош прокуратураси қарорини кескин танқид қилди.

Фото: YONATAN SINDEL/FLASH90

Исроил Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар бош вазир Бинямин Нетаняҳу ва Исроил ҳукумати ва ҳарбий қўмондонлигининг бир неча ўнлаб юқори мартабали вакилларини ҳибсга олиш учун Истанбул бош прокуратураси томонидан берилган ордерни танқид қилди.

У ижтимоий тармоқдаги постида бу қадамни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг «навбатдаги пиар-юриши» деб атади.

Саар Туркияда прокуратураси яқинда Истанбул мэрини «фақат Эрдўғанга қарши чиқишга журъат этгани учун» ҳибсга олишни ташкил қилганини эслатди.

«Эрдўғаннинг Туркиясида суд тизими узоқ вақтдан бери сиёсий рақибларни бостириш, журналистлар, судьялар ва мэрларни ҳибсга олиш воситасига айланган. Исроил золим Эрдўғаннинг сўнгги пиар-юришини қатъият ва нафрат билан рад этади», деб ёзди Саар.

7 ноябрь куни Истанбул бош прокуратураси 37 нафар гумонланувчини, жумладан, Исроил бош вазири Нетаняҳу, Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац, миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир, шунингдек, армия бош штаби бошлиғи Эял Замирни ҳибсга олишга ордер берди. Улар Ғазо секторида «геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар» ва аввалроқ Фаластин ҳудудидаги денгиз қамалини бузишга уринган Sumud флотилияси кемаларига нисбатан қонунбузарликларда айбланмоқда.

Шу билан бирга Нетаняҳуга нисбатан Халқаро жиноий суд (ХЖС) томонидан берилган ҳибсга олиш ордери ҳамон амал қилмоқда. Исроил бош вазири «камида 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майгача содир этилган инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятларда» гумон қилинмоқда. Тел-Авив бу чорани антисемитизм деб атаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид