Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларни биологик фаол қўшимчалардан фойдаланишда огоҳликка чақирди
Рақобат қўмитасининг маълум қилишича, аксарият ҳолларда фуқаролар телевидение, радио ва ижтимоий тармоқлардаги рекламалар таъсирида биологик фаол қўшимчаларни сотиб олган, аммо улар кутилган самарани бермаган ёки соғлиққа салбий таъсир кўрсатган.
Фото: Getty images
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларни огоҳликка чақирди. Қайд этилишича, қўмита озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларга оид мунтазам назорат харидларини амалга ошириб келяпти. 2023 йилда ўтказилган 397 та хариддан 24 таси, 2024 йилда 560 та хариддан 95 таси, жорий 2025 йилда эса 618 та хариддан 123 таси сифат талабларига жавоб бермаган.
Шунингдек, ҳозирга қадар қўмитага ушбу маҳсулотлар бўйича 2 345 дан ортиқ фуқаролик мурожаатлари келиб тушган. Улардан 337 таси, яъни 14 фоизи биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари билан боғлиқ шикоятлардир. Аксарият ҳолларда фуқаролар телевидение, радио ва ижтимоий тармоқлардаги рекламалар таъсирида бу маҳсулотларни сотиб олган, аммо улар кутилган самарани бермаган ёки соғлиққа салбий таъсир кўрсатган.
Қўмита аҳолини «барча касалликларни 1 ойда даволайди» каби ҳақиқатга тўғри келмайдиган рекламаларга ишонмасликка чақирди.
«Биологик фаол қўшимчалар (БАҚ) дори воситаси ҳисобланмайди ва касалликларни даволаш учун мўлжалланмаган. Улар фақат организм фаолиятини қўллаб-қувватлаш ёки айрим касалликларнинг олдини олиш (профилактика) мақсадида қўлланиши мумкин», — дейилади қўмита хабарида.
Регулятор истеъмолчиларга ўз соғлиғини биринчи ўринга қўйишни ва фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтган, расмий сертификати мавжуд маҳсулотлардан фойдаланишни тавсия этяпти. Шу билан бирга, ҳар қандай қўшимчани истеъмол қилишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиш зарурлиги таъкидланяпти.
Мавзуга оид
16:04 / 01.12.2025
Истеъмолчи мурожаатлари учун янги онлайн платформа ишга туширилди
13:33 / 27.11.2025
Хоразмда тиббиёт бирлашмалари 160 минг истеъмолчидан асоссиз маблағ олгани аниқланди
14:14 / 24.11.2025
Рақобат қўмитаси «пулли парковка» бўйича ўрганиш бошлади
12:43 / 21.11.2025