Ўзбекистон | 22:16 / 10.11.2025
5719
4 дақиқада ўқилади

Тиббиёт ходимларига қўшимча рағбат ва 600 кишини алдаган фирибгарлар – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Президент тиббиёт ходимларига қўшимча рағбатлар эълон қилди

Президент тиббиёт соҳаси ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга қаратилган қатор чораларни маълум қилди.

Асосий рағбатлар: ҳар йили «Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни»да давлат тиббиёт муассасаларидаги барча ходимлар рағбатлантирилади. Инновация учун мукофот: туманда янги даволаш усулини жорий этган шифокорларга 21 млн сўм.

Узоқ йиллик меҳнат учун имтиёзлар: давлат тиббиёт муассасасида 15 йил ишлаган ходимларга санаторийга бепул йўлланма; фарзанди давлат ОТМга ўқишгa кирса, бир йиллик контракт суммасига 30 фоиз чегирма ва бошқалар.

Кутилишича, ушбу чоралар тиббиёт ходимларининг меҳнат унумдорлигини ошириш, клиник амалиётга инновацияларни жорий этиш ва кадрлар барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давлат тиббиёт муассасалари 5 кунлик иш ҳафтасига ўтказилади

2026 йил 1 апрелдан Ўзбекистонда давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими олти кунликдан беш кунлик иш ҳафтасига ўтказилади. Бу президентнинг тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатда «тиббиёт муассасалари фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида байрам ва дам олиш кунлари уларнинг иши навбатчилик асосида ташкил этилиши» маълум қилинган.

2026 йилдан хусусий шифохоналарда ҳам бепул даволаниш мумкин бўлади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, тиббиёт ташкилотларида йўлланма асосида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам туман (шаҳар) ва ҳудудий даражаларда аҳолининг барча тоифаларига, республика даражасида эса имтиёзли беморларга кўрсатилади.

Бунда беморлар даволанишда давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий қилинган ҳудудларда уларнинг хоҳишига кўра ҳудудий жойлашувидан қатъи назар, тиббий суғурта механизмлари жорий этилган барча тиббиёт муассасаларига (Тошкент шаҳрида шаҳар даражасидаги тиббиёт муассасаларига), давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий қилинмаган ҳудудларда доимий ёки вақтинча яшаш (турар) жойи бўйича туман (шаҳар) даражасидаги стационар хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасасига йўналтирилади. Идоравий тиббиёт муассасалари контингенти ўзлари бириктирилган тиббиёт муассасасига йўналтирилади. Бунда идоравий тиббиёт муассасалари томонидан зарур тиббий хизматларни кўрсатиш имкони бўлмаган тақдирда, идоравий тиббиёт муассасаларига бириктирилган контингент ўз хоҳишига кўра ҳудуд ёки республика даражасидаги тиббиёт муассасаларига, шунингдек, нодавлат тиббиёт ташкилотларига йўналтирилиши мумкин.

Самарқандда ҳужжатлари бекор қилинган кўп қаватли уйлар сотилмоқда

Самарқанд туманида 16 та кўп қаватли уйдан иборат «Янги маскан» турар жой мажмуаси шаҳарсозлик ҳужжатлари бекор қилинган. Суд ва мутасадди идоралар бу объектни ноқонуний деб топганига қарамай, ижтимоий тармоқларда ҳали ҳам хонадонлар сотувига оид реклама ва эълонлар тарқалмоқда.

Самарқанд вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси маълумотига кўра, ҳужжатлари бекор қилинган объектларга оид реклама ва эълонларга ишониш - келгусида сарсонгарчилик ва моддий йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Интернетда 600 нафар фуқарони алдаган гуруҳ қўлга олинди

Улар Telegram ва Instagram орқали 600 кишини чув тушириб, жами 1 млрд сўмни алдов йўли билан ўзлаштирган. ИИББ Киберхавфсизлик хизмати ва Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари гуруҳнинг 4 аъзосини қўлга олди.

Ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-модда 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди. Ҳозир етказилган моддий зарарни ундириш чоралари кўрилмоқда, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид