Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Марказий Осиёда ягона рақамли платформа яратишга келишдик” – транспорт вазири
12 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё транспорт вазирлари йиғилиши ҳамда Марказий Осиё – Жанубий Кавказ (CASCA+) коридори бўйича учрашув ўтказилди. Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг матбуотга айтишича, минтақада ягона рақамли платформа яратилади.
Қуруқликда жойлашган Марказий Осиё минтақаси учун савдо йўлларига чиқиш масаласи – доим стратегик аҳамият касб этади. Ўзбекистон эса минтақанинг марказида бўлиб, денгиз йўллари учун икки ва ундан ортиқ мамлакатларни босиб ўтиши керак. Айниқса, Россия-Украина уруши сабаб шимолий коридор ўз жозибадорлигини йўқотгани инобатга олинса, янги савдо йўлларини топиш – ҳукумат олдидаги асосий вазифалардан.
1990 йиллардан муҳокама қилинган – Марказий Осиё – Жанубий Кавказ транспорт коридори узоқ йиллар турли сиёсий муаммолар, инфратузилмавий камчиликлар сабаб эътибордан четда қолиб келди. 2023 йилдан эътиборан бу йўлакдан фаол фойдаланиш масаласи актуаллашди ва йўлак «САSCA+» деб номлана бошланди. 2023 йилнинг ноябрида Туркиянинг Анқара шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбойжон, Грузия ва Туркия вакиллари биринчи “CASCA+” йиғилишини ўтказишди. Шундан бери бу йўлак расмий даражада минтақавий транспорт коридори сифатида тан олинган.
12 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё давлат раҳбарлари маслаҳат учрашуви саммитидан аввал бу республикаларнинг транспорт вазирлари иштирокида йиғилиши ўтказилди. Шунингдек, “САSСА+” мулоқоти ҳам бўлиб, бу йўлак орқали Европа бозорига чиқиш масаласи кўриб чиқилди.
Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга кўра, беш давлатдан келган вакиллар билан аввало, ягона транспорт рақамли платформасини яратиш, чегарадаги муаммоларни бартараф қилиш масалалари кўриб чиқилган.
“15-16 ноябрь кунларида Марказий Осиё президентлари ва Озарбойжон президентининг ташрифлари кутилмоқда. Транспорт вазирлари билан ўз йиғилишимизни ўтказдик. Марказий Осиёни ягона транспорт региони, яъни транспорт хабига айлантириш, минтақа мамлакатлари ўртасида чегарадаги муаммоларни йўқ қилиб, рақамлаштирилган битта платформа яратишни гаплашдик. Президент ташаббуси билан Трансафғон мультимодал коридори ва Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон мультимодал коридори ривожлантириляпти. Чунки йилдан йилга юк миқдори ошиб бормоқда”, - дейди Илҳом Маҳкамов.
Вазир шунингдек, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилгунига қадар бошқа кичик муаммоларни ҳам бартараф этиш вазифаси борлигини эслатди.
“Асосий йўналиш бу Европага бўлади. Савдо эса қурилаётган, яъни ўрта коридор - “CASCA+” бўйлаб амалга ошади. Каспий денгизининг сатҳи тобора тушиб бораётгани, паромларнинг етишмаслиги каби муаммоларни темирйўл қуриб битказилгунча ечишимиз лозим”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўлининг қурилиши тўғрисида ҳукуматлараро битим 2024 йилнинг июнида имзоланган. Маълум муддат тўхтаб қолган бу лойиҳа доирасида қурилиш ишлари шу йилнинг июлидан бошланган.
Мавзуга оид
12:12
Венада “Марказий Осиё – Шимолий Европа” форматидаги биринчи учрашув ўтказилди
21:09 / 04.12.2025
Биринчи «Марказий Осиё – Япония» саммити Токиода ўтказилади
16:03 / 04.12.2025
Марказий Осиё учун бериладиган 12 млрд евронинг асосий қисми Транс-Каспий коридори учун сарфланади – ЕИ
22:57 / 03.12.2025